"COVID-19" билан оғриган айрим беморларда кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатиляпти

САЛОМАТЛИК 14.04.2023, 16:32
"COVID-19" билан оғриган айрим беморларда кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатиляпти

Бугун дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият бирмунча барқарор. Шу сабабли ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус пасайиш тенденциясини инобатга олиб, жорий йилда COVID-19 пандемияси бекор қилинишини маълум қилди. Шунга қарамай, ҳали хавф тўлиқ ортда қолди, деб бўлмайди, деб келтиради Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, илмий изланишлар натижасида касалликнинг янгидан янги “ҳунар”лари намоён бўляпти. Хусусан, бугун дунёнинг баъзи мамлакатларида доминант версияга айланиб улгурган “омикрон” штаммининг ВА 2.75 субварианти, яъни “кентавр” нафақат нафас олиш тизимлари, балки кўриш органлари фаолиятига ҳам салбий таъсир этиши маълум бўлди.

Жумладан, ҳиндистонлик олимлар бир мунча вақт илгари унинг геномида 16 та мутация мавжудлигини аниқлаган эди. Бу эса коронавируснинг мазкур тури тана ҳимоя механизмларига осон “чап бериш” хусусиятига эга эканини англатади.

Шунингдек, шифокорлар “кентавр” янги аломатлар билан намоён бўлаётгани, унга кўра, баъзи беморлар ёруғ муҳитда кўзларини очишга қийналаётгани ва кўз гавҳарида оғриқлар ҳис қилаётганини маълум қилган эди.

— Коронавирус асосан ўпка тўқималарининг зарарланиши билан кечган бўлса-да, унинг асорати бутун организмга ўз таъсирини кўрсатади, — дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов. — Аввал ушбу инфекцияга чалиниб, тузалган беморларда кўпроқ қон қуюқлашиши, юрак-қон томир тизимида жиддий муаммолар учраган бўлса, эндиликда улар қаторига кўз касалликлари ҳам қўшилмоқда.

Хусусан, сўнгги пайтларда COVID-19 билан оғриган айрим беморларда кўриш қобилиятининг ёмонлашиши кузатиляпти. Жумладан, вирусга чалиниб, соғайганларда оптик асабнинг шиши, кўз мушакларининг спазмлари ва тўр парданинг яллиғланиши каби асоратлар учрамоқда.

Қолаверса, дунё олимлари ҳам “омикрон”нинг ВА 2.75 субварианти организмда тизимли яллиғланиш реакцияси ва қон ивиш тизимининг фаоллашишига сабаб бўлаётгани, бу эса кўзлар учун жиддий оқибатларга олиб келишини таъкидлаяпти.  

Шу боис, касалликнинг олдини олиш учун вирусга қарши тўлиқ босқичда ҳамда бустер дозада эмланиш лозим. Бу эса энг тўғри ва самарали йўлдир, - деб тавсия беради шифокор. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1