АсосийJamiyat

Конституциянинг асосий кучи, унинг тўғридан – тўғри ишлашидир!

'Конституциянинг асосий кучи, унинг тўғридан – тўғри ишлашидир!'ning rasmi

Конституция лойиҳасининг 15-моддасига киритилаётган,Конституциянинг олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши ва мамлакатнинг бутун ҳудудида қўлланилиши нормаси ҳуқуқий давлатнинг муҳим ва асосий кўринишларидан бири десак, хато қилмаган бўламиз. Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри ишлаши масаласи конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим ва долзарб вазифаси ҳисобланади. Негаки, конституцияда мавжуд бўлган нормалар жамиятдаги муҳим муаммоларни тўғридан-тўғри тартибга солсагина, инсон манфаатларига хизмат қилсагина, унинг юридик кучи, таъсири сезилади ва эътироф этилади. Конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим мақсадларидан бири ҳам халқнинг конституцияга бўлган ишончини кучайтириш ҳамда конституциявий йўл билан уларнинг ҳаётий масалаю, муаммоларини ҳал этишдир.

Давлат раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда, барча давлат органлари, мансабдор шахслар, фуқароларнинг янги конституциявий норма ва принципларга оғишмай амал қилиши, Конституция тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат бўлиши шартлиги,  давлат органлари, айниқса, судлар ўз фаолиятида Конституцияга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, унинг нормаларига асосланиб иш кўриши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Қонун ости ҳужжатларнинг ниҳоятда кўпайиб кетганлиги ҳамда уларнинг айримлари бир-бирига зид бўлиб қолиши туфайли Конституция нормалари бюрократия қурбонига айланаётган эди. Соддароқ айтганда, энди Конституцияни яхшилаб ўргансак, ундаги нормалар ва ҳуқуқ-мажбуриятларни билсак, шуни ўзи манфаатларни ҳимоя қилиш учун етарли бўлади. Ҳеч ким Конституциядан ташқари қайсидир ҳужжатни рўкач қила олмайди.

Баъзи ижтимоий тармоқларда конституция нормаларининг ҳаётдаги ижроси масаласида баъзи эътирозли фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда. Дарҳақиқат, ҳозирги муҳокамада бўлган конституция лойиҳасининг асосий эътиборида инсонни улуғлаш ва унинг манфаатларига хизмат қилиш турибди десак, айни ҳақиқат бўлади. Яъни, конституция нормаларининг тўғридан тўғри ишлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Хорижий мамлакатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Германия Конституциясининг 1-моддасида, Бразилия конституциясининг 5- моддаси, Россия Федерацияси 15-моддаси, Қозоғистон конституцияси 4-моддаси, Польша конституциясининг 8-моддаси, 2 қисми, Болгария конституцияси 5-моддаларида конституция нормаларининг бевосита тўғридан- тўғри ишлаши белгилаб қўйилган. 

Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилинишини учта хусусиятга қараб баҳолашимиз мумкин. Биринчидан, шахснинг конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларидан тўғридан - тўғри фойдаланиши; иккинчидан, барча субъектларнинг конституцияда белгиланган  талаб ва мажбуриятларга риоя қилиши; учинчидан, ваколатли давлат органларининг конституциявий  нормаларини қўллаши ва ижросини таъминлаши лозим. Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши – ижтимоий муносабатларни бевосита конституция нормасини қўллаган ҳолда тартибга солиш ва ҳал этишдан иборат. 

Конституцияга киритилаётган мазкур қоида орқали Конституция нормалари уларни қўллаш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатларида мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар тўғридан-тўғри амал қилишига эришилади.

Ушбу норма орқали кўпчилик ҳуқуқшунос ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун ягона қоида мустаҳамланмоқда – зиддиятли ҳолатларда миллий қонунчиликка эмас, халқаро шартномаларга амал қилинади. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди, умумэътироф этилган нормаларнинг устуворлиги ва таъсир доирасини янада кенгайтиради, мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат ўрнатилиши янада мустаҳкамлайди.

 

Шерзод Зулфиқоров,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси 

    Бошқа янгиликлар