АсосийJamiyat

Ҳоким бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш раиси бўлиши бекор қилинмоқда

'Ҳоким бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгаш раиси бўлиши бекор қилинмоқда'ning rasmi

Янги таҳридаги конституциямизга киритилаётган ҳокимнинг бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгаш раиси бўлиши нормасининг бекор қилиниши, ҳокимиятлар бўлиниш принципининг ҳудудларда тўлақонли ижро этилишининг зарурий ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади десак, хато қилмаган бўламиз. Бу концепцуал ўзгаришга мувофиқ, янги таҳрирдаги конституциянинг 120, 121- моддаларига, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши; вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги; тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимиятга вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилиши каби муҳим нормалар белгилаб қўйилмоқда.

Мазкур норма аcосида маҳаллий даражада вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият функциялари ажратилади. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига бошчилик қилиши ҳақидаги қоиданинг чиқарилиши, уларнинг Кенгашлар олдида масъулиятини оширишга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгаш ва депутатлар назоратини кучайтириш учун хизмат қилади. Қолаверса,         мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг тизимли мантиқий давоми бўлади.

Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларини бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади. Қолаверса, ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, халқ депутатлари Кенгашларининг ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантиришга хизмат қилади.

Бу нима беради деган табиий савол туғилиши мумкин?

биринчидан, бир шахснинг иккита мустақил тизимга раҳбарлик қилиш ҳуқуқи конституциявий жиҳатдан бекор қилинмоқда;

иккинчидан, халқ вакиллари ўзлари орасидан раҳбарлик қиладиган мустақил шахсни демократик тарзда сайлаб олиш имконияти яратилмоқда;

учинчидан, ҳокимларнинг кенгаш олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилмоқда;

тўртинчидан, ҳокимиятлар бўлиниши ва ўзаро тийиб туриш механизмини реал амалда ишлашига зарурий кафолат, қолаверса шу давргача маҳаллий давлат ҳокимияти тизимидаги мантиқсиз бошқарув тизимига сўзсиз чек қўяпди;

бешинчидан, маҳаллий бошқарув тизимининг халққа яқинлашиш имкониятини кенгайтирмоқда.

Кейинги йилларда маҳаллий давлат ҳокимиятини такомиллаштириш ва жойларда ҳокимият тармоғлари бўлиниш тамойилини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилди. 2017 йил 8 сентябрда қабул қилиган “Маъмурий ислоҳотлар концепцияси”да маҳаллий давлат ҳокимияти тизимини ташкил этишда ҳокимиятлар бўлиниши принципининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш, алоҳида вазифа сифатида белгилаб қўйилди.

Яна бир муҳим ўзгаришлардан бири - “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар тузилмасидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига юклатилиши бўйича янги норма киритилди. Бу ўзгаришлар ҳам албатта қайсидир маънода маҳаллий кенгашлар фаолиятига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди.

Конституциявий қонун лойиҳасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали ташкил этиш, шошма-шошарликка йўл қўймаслик мақсадида ҳам аниқ бир нормалар белгиланмоқда. Хусусан, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар қуйидаги муддатларда амалга оширилади. Хусусан: вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан 2024 йилда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг навбатдаги сайловлари якунлари бўйича; туман ҳамда шаҳар вакиллик ва ижро этувчи давлат ҳокимияти органларига нисбатан эса 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Мухтасар қилиб айтганда, илгари ҳоким бир вақтнинг ўзида ҳам ижроия, ҳам вакиллик ҳокимиятига раҳбарлик қилган. Эндиги киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ҳоким фақат ижро ҳокимиятига, маҳаллий Кенгашларга эса ўзлари томонидан сайланадиган депутатлардан бири раис бўлади. Қолаверса,  мазкур янги норма орқали маҳаллий ҳокимият органлари ваколатлари барча соҳаларда аниқ ва батафсил белгиланмоқда, бу орқали айниқса, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки кучайтирилади, жойлардаги маҳаллий аҳолини манфаатларини амалда таъминлаш имкониятлари оширилади. Ушбу ўзгаришлар келгусида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг самарали фаолият олиб боришига хизмат қилади.

 

Шерзод Зулфиқоров,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори, эксперт гуруҳи аъзоси.

    Бошқа янгиликлар