Журналист Анора Содиқова Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Вочах қишлоғида 30 апрель куни референдум ўтказилмагани, қишлоқ аҳлига бюллетень ҳам берилмагани ва мактабда овоз бериш жараёнлари ўтказилмагани ҳақида ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирди.
Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар юзасидан "Газета.uz"га муносабат билдирар экан, қишлоқ Сариосиё тумани "Шабнам" маҳалласидаги 57-мактабда жойлашган 746-референдум участкасига қарашини билдирган.
Ушбу участкада жами овоз берувчилар сони 2143 нафарни ташкил этган. Референдум натижаларига кўра, 2065 нафар фуқаро овоз беришда иштирок этган, 78 нафар фуқаро эса қатнашмаган. Хусусан, участка комиссияси аъзоси Охун Маҳмадалиев 30 апрель куни референдум участкасидан 60 км узоқликда жойлашган тоғли ҳудуд — Вочах қишлоғига кўчма овоз бериш қутиси билан юборилган.
Таъкидланишича, қишлоқда 21 та хонадонда 104 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 54 нафари референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, 15 нафари қишлоқда, 16 нафари референдум участкасига келиб овоз берган.
"Қолган 23 нафар овоз берувчи чорва билан шуғулланиши сабабли тоғга чорва молларига қараш учун чиқиб кетган ва яшаш манзилида бўлмаган. Шундан сўнг комиссия аъзоси референдум участкаси биносига қайтиб келган", — дейилади комиссия хабарида.






