Маълумки, бундан салкам 1500 йиллик тарихга эга бўлган Ўрхун обидалари туркий халқлар маданиятининг ривожида, хусусан унинг сиёсий пойдевори яратилишида мислсиз аҳамият касб этади. Даниялик ҳарбий олим Вильгельм Томсен томонидан XIX асрнинг 90-йилларида ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан топилган бу обидалар барча туркий халқлар учун муштарак ёдгорлик бўлиб, эски турк тилида, 680–745 йиллар орасида руний ёзувида битилган. Ушбу матнларнинг бугунги 30 дан ортиқ туркий тиллар орасида айнан замонавйи ўзбек тилига кўпроқ яқин келишини қатор турколог олимлар ҳам эътироф этишади.
Бизга етиб келган туркий тилдаги илк ҳужжат бўлган бу обидалар тахминан 200 йил (552–745 йиллар) давоми мавжуд бўлган Кўктурк империясининг маданияти, ҳаёт тарзи, ички ва ташқи сиёсати ҳақида аниқ тасаввурлар беради.
Икки кўктурк ака-ука – Бумин ва Истеми Ҳоқонларнинг 552 йилда яратган Кўктурк империяси Хитой ва Византия орасидаги улкан жўғрофий маконда эга бўлган қудратли туркий давлат эди. Аммо тарихий манбаларга кўра, 630–680 йилларда турк ҳоқонлигида юзага келган ички инқироз ушбу давлатни Хитой давлати асорати остига тушириб қўйган
Урҳун обидаларидан бири - “Кул Тегин” битиктоши унинг унинг шарафига 732 йилда тиклаган. Гранит мармардан йўнилган обиданинг уч тарафида турк тилида, фақат бир тарафида хитой тилида ҳам матн ёзилгани ҳам бу пайтда аждодларимиз Хитой таъсири остида бўлганини яққол кўрсатади.
Мазкур битиктошда турклар улкан ҳарбий юришлар чоғида хитойликларнинг маккорона сиёсати сабабли мағлубиятга учрагани акс этган.
Ушбу обидада ўқиймиз: “Юрт бўладиган, давлат қурадиган жой Ўтукан экан. Бу ерда ўтириб (ҳокимиятни бошқариб), Чин билан келишдим. Чин миллати олтинини, кумушини, ипагини беминнат беради. Унинг сўзи тотли, ипаги матоси юмшоқ бўлади. Тотли сўз, юмшоқ ипаги билан ўзидан йироқ элни ўзига яқинлаштиради. Яқинлашиб эл қилганидан кейин ёмон ишларни ўйлай бошлайди. Билимли одамга, жасур инсонга ишлари ўтмайди. Аммо бирор киши адашса, уларга ёпишиб, ўз элидан узоқ тушади. Турк эли, сен ҳам чинликларнинг тотли сўзига, юмшоқ ипагига алдандинг...”
Матннинг давомида туркларнинг чинликлар ҳийласига алданиб, ҳокимиятни қўлдан бой берганлари айтилади. Турк ўз халқининг ҳолига боқиб фарёд чекади: “Эли (давлати) бўлган миллат эдим, миллатим қани? Ҳоқони бўлган халқ эдим, ҳоқоним қани?”
“Култигин” обидасининг ғарбий қисмидаги хитой тилида ёзилган қисмини Тан императори Хуан Цзонгнинг жияни, лашкарбоши Чанг Сенгюн ёзган. Матн қўшни мамлакатнинг юксак дипломатик даражада ифодаланган дўстлик муносабатларининг ифодасидир. Эътиборлиси шундаки, турк ва хитой тилидаги матнлар маъно жиҳатидан бир-бирига тўғри келмайди. Турк тилидаги матндан фарқли ўлароқ, хитой тилидаги матн самимий қўшничилик алоқалари, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида битилган.
Албатта, Билга Ҳоқон хитой матннинг маъносидан тўла хабардор бўлган. Чунки бу обида унинг ташаббуси билан яратилган. Лекин афтидан, у икки тилдаги матнни атайин икки хил нуқтаи назардан ёздирган. У ўз ватандошларини ҳамиша огоҳ бўлишга, қўшни давлатлар ҳатто барқарор муносабатлар даврида ҳам барибир ўзининг яширин сиёсатини олиб боришидан воқиф этишга уринган. Бу ҳақиқатни кейинги тарихий жараёнлар ҳам қайта-қайта исботлади.
...Мана орадан салкам 1500 йил вақт ўтди. Чин мулки ҳамон ўз куч-қудрати, салоҳияти, иқтидорини сақлаб келаётир. Бугун биз бу қудратли давлат билан яқин, дўстона алоқаларни давом эттирарканмиз, боболаримизнинг асрлар олдин битиб кетган насиҳатларига амал қилишимиз қанчалик зарурлигини вазиятнинг ўзи кўрсатмоқда.