АҚШлик олимлар бош ва бўйин ўсимталари билан боғлиқ бўлган саратон касалликларини нур терапияси орқали даволовчи, юмшоқ робототехник тизимни синовдан ўтказди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.
Бу тизим ёрдамида врачлар беморнинг танасидаги хавфли ҳужайрага радиациянинг таъсирини аниқлашади. 2014 йилда АҚШнинг 1,6 миллиондан ортиқ аҳолиси халқум ва оғиз бўшлиғи саратонига чалиниб, 580 минг нафари вафот этган. Айни пайтда, бу касаллик IMRT (модулланган интенсив радиация терапияси) орқали даволанади, бу усул билан орқа мия, қулоқ атрофидаги безлар ва кўз асаб толаларига зарар етказмаган ҳолда ўсимтани олиб ташлаш мумкин. IMRT билан даволаётганда беморнинг аҳволини ҳар доим ҳам аниқ билишнинг иложи бўлмайди.
Бундай муаммони бартараф этиш учун олимлар махсус юмшоқ роботларни ишлаб чиқарди. Улар суюқлик билан тўлдирилган, деформацияланган полимер корпусли камералар билан жиҳозланган. Роботлар енгил, мустаҳкам, полиэстер ва поливинилхлориддан тайёрланиб, электр қуввати билан бошқариладиган электромагнитли клапан ва нафас олиш, нафас чиқаришни таъминловчи икки силикон резинали найчалардан иборат бўлади. Қурилмани камерадаги суюқликнинг миқдорига қараб, бошқариш мумкин.
Олимлар тизимни синовдан ўтказаётганда бошнинг жойлашувини, ҳаракатини аниқлаш мақсадида Kinect Xbox 360 камерасидан фойдаланган. Унинг ёрдамида беморнинг бошини 2,5 миллиметр аниқликда белгилаш мумкин.
Олимлар келажакда беморнинг боши ва бўйнидаги хавфли ўсимталарни аниқлашнинг самарадорлигини ошириш мақсадида юқори тезликда ишловчи 3D-лазерларидан фойдаланишни режалаштирган.