1

Мисдан тилла “ясаган” қаллоб

МУТОЛАА 08.06.2023, 21:51
Мисдан тилла “ясаган” қаллоб

Қадимда маъданларни олтинга айлантириш илмини “кимё” деб аташган. Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам ана шундай хомхаёллар билан умрини ўтказган “кимёгарлар” кўп бўлган. Бу ҳақда бир ривоят бор.

Вафотидан бир неча йил аввал Ҳусайн Бойқаро бод касалига чалиниб, юролмай қолади. Ўша пайтларда Ҳиротда нишопурлик бир табиб ва кимёгар ҳақида миш-мишлар тарқалади. У турли касалларни даволаш билан бирга мисни олтинга айлантира олиши билан ҳам эл орасида шуҳрат топганди. У ҳақидаги гап-сўзлар подшонинг ҳам қулоғига етади ва табибни саройга чорлашни буюради. Унинг келиши арафасида бозорларда миснинг нархи бир неча баравар ошганди.

Подшонинг мақсади ўз саройида олтин “ишлаб чиқариш”ни йўлга қўйиш ва саломатлигини тиклаш эди. Энг нуфузли мулозимларига “кимёгар-табиб”ни кутиб олиш учун муносиб ҳозирлик кўришни амр этади. Ҳусайн Бойқаро “Агар ўзимнинг ҳам оёғим оғриб, юролмай қолмаганимда, бу улуғ алломага пешвоз чиқардим” деган экан.

Хуллас, “алломаи замон”ни пойтахтда катта тантана билан кутиб олишади. Уни салтанатнинг энг олий қасрларидан бирига жойлаштиришади. Подшонинг ошпазлари унинг учун ҳар куни лаззатли таомлар ҳозирлашади. “Аллома”ни турфа ҳадяларга кўмиб ташлашади. Подшо “алломадан” иккита нарсани: ­ҳар куни сарой устахонасида бир ман (тахминан 850 грамм) мисни олтинга айлантириб беришни ва оёқларини даволашни илтимос қилади. Табиийки, биринчи ишнинг иложи йўқ, иккинчисини бажариш ҳам бу қаллобнинг қўлидан келмасди. Агар фирибгарлиги очилиб қолса, боши кетади.

Шунда аллома “ҳозир мисни олтинга айлантирадиган “Иксир” малҳамим жуда оз қолган. Қолган малҳамни подшоҳи оламнинг муборак оёқлари учун сарфламоқчи эдим. Қирқ кун муолажа қилиб, қирқ биринчи куни ҳаммомда ул зотнинг оёқларига ўша малҳамдан суртаман. Насиб этса, у ердан ўз оёқлари билан чиқиб келадилар. Мен ўз йигитларимни “Иксир” олиб келиш учун Мағриб мамлакатига юбордим. Олти ойда қайтиб келишади. Шунда истаганча мисни олтинга айлантириб бераман”, деб баҳона қилади.

Подшо бу таклифга кўнади. Қирқ кун “кимёгар-табиб” саройда подшога турли дамламалар ичириб, муолажа қилади. Ўзи ҳам шоҳона ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлади. Қирқ биринчи кун шаҳар четидаги ҳаммомга олиб боришни айтади.

“Фақат шарт шуки, подшоҳимиз ва камина қулларидан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги даркор. Бўлмаса муолажа кор қилмайди” дейди фирибгар. Шоҳнинг Бадана исмли бир ғуломи уни ёлғиз ҳаммомга юборишга рози бўлмайди ва улар билан эргашиб ҳаммомга боради.

Ғуломнинг кўрсатмаси билан ҳар эҳтимолга қарши бир қанча қўриқчилар ҳам яширинча уларнинг ортидан боришади. Ҳаммомнинг буғхонасига кирган чоғда табибнинг бир сони иккинчисидан йўғонроқ эканини пайқаган ғулом дарҳол унинг лунгисини юлиб олади. Шунда ҳалиги табиб сонига тасма билан ўткир ханжар боғлаб олгани маълум бўлади.

Аниқланишича, сири фош бўлиб, жувонмарг бўлишдан қўрққан фирибгар ҳаммомда подшони ўлдириб, қочиб қолишни мақсад қилган экан. Шу пайт ғулом ташқаридаги қўриқчиларга хабар қилади. Тезликда фирибгарни қўлга олиб, дорга тортишади ва жасадига камондан ўқ ёғдиришади.

Рустам ЖАББОРОВ тайёрлади

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1