АсосийSiyosat

Янгиланган Конституцияда Президентлик сайлови билан боғлиқ қоида-талаблар қандай?

'Янгиланган Конституцияда Президентлик сайлови билан боғлиқ қоида-талаблар қандай?'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Чунки, бу давлат раҳбари – Президентни сайлаш билан боғлиқ ўта масъулиятли жараёндир. Зеро, мамлакатимиз келажаги, унинг янада тараққий топиши давлат раҳбари лавозимига энг муносиб номзодни сайлаш ҳамда бу жараёнда сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш билан боғлиқ масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови миллий сайлов амалиёти ва халқаро сайлов меъёрларига мос равишда қабул қилинган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қонунчилик ҳужжатлари тизими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарорларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий асослари. Маълумки, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида, том маънодаги улкан тарихий-сиёсий воқеа бўлиб ўтди. Биринчи марта умумхалқ референдумида халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқараши асосида фуқароларимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги  Конституцияси қабул қилинди. Янгиланган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида биринчидан, инсон ҳуқуқ, мажбуриятлари ва эркинликларини таъминлаш ва кафолатлаш, иккинчидан, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг институтлари фаолияти учун зарур барча шароитларни яратиш ва учинчидан, самарали давлат бошқаруви тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий тамойил ва механизмлар белгиланди.

Янгиланган Конституциямиздаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови билан боғлиқ қоида-талаблар муҳим аҳамиятга эга бўлиб, биринчидан, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш орқали мамлакат раҳбари бевосита сайловчилар томонидан сайланади, иккинчидан, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг тобора ривожланиши асосида сиёсий партияларнинг давлат органларини шакллантиришдаги фаолиятини кафолатлайди, учинчидан, сайлов ҳуқуқи тамойиллари ва муддатлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мустақил сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилиши таъминланади. 

Шунингдек, Конституциямизнинг 10-моддасида Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкинлиги, шунингдек, жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас деб белгиланган. Ушбу норма президентлик сайловининг давлат тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқи ҳамда эркинликларини кафолатлашдаги аҳамияти билан боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасига мувофиқ, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадир. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади.

Бундан ташқари, Асосий қонунимизнинг 74-моддасида сиёсий партиялар турли ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этиши билан боғлиқ норманинг белгиланиши уларнинг сайлов жараёнидаги конституциявий мақомини мустаҳкамлайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мақоми Конституциянинг 105-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. 

Бундан ташқари, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини таъминлашда Ўзбекистон халқи номидан иш олиб борувчи мансабдор шахс сифатида давлат раҳбарлигига номзодлар учун тегишли талаблар конституция даражасида мустаҳкамланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 106-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22-боби «Сайлов тизими»га бағишланган бўлиб, мамлакатимиз сайлов тизимига оид муҳим тамойил ва нормаларни белгилайди. Хусусан, Конституциямизнинг 128-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланган. Ушбу моддада Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли эканлиги белгилаб ўтилган. Бундан ташқари, ушбу моддада сайлов ҳуқуқининг муҳим принциплари мустаҳкамланган бўлиб, сайлов жараёнларини ҳалқаро сайлов стандартлари асосида очиқ-ошкора ва демократик тарзда ўтказишга имкон беради. 

Шунингдек, Конституциямизнинг 129-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади деб мустаҳкамланган. 

Сайлов ҳуқуқи принципларининг мазмун-моҳиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин:

Умумий сайлов ҳуқуқи. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 2-моддасига мувофиқ ҳар бир инсон ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва барча эркинликка эга бўлиши зарур деб белгиланган. Шунингдек, мазкур Декларациясининг 21-моддасида халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. 

Ушбу принципнинг моҳияти сайловларнинг умумийлигини, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалигини, шунингдек, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эгалигини англатади.

Тенг сайлов ҳуқуқи. Сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Венеция комиссиясининг Сайлов масалаларидаги яхши амалиёт кодексининг 2.1 бандига мувофиқ “... ҳар бир сайловчи принципиал жиҳатдан битта овозга эга” эканлиги белгиланган. Мазкур принцип сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлишини, овозлар тенглигини англатади. Яъни, овозларни санашда битта сайловчининг овози бошқаси билан тенглигини, бирорта овоз бошқасидан устун эмаслигини ифодалайди. 

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасига мувофиқ “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга” эканлиги назарда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқаролар томонидан бевосита сайланади. Бу принцип сайловчининг бевосита шахсан ўзи, яъни бирон-бир вакилсиз, тўғридан-тўғри ўзи овоз беришини англатади. Бир кишининг номидан бошқаси овоз бериши ушбу принципга зид ҳисобланади.

Яширин овоз бериш ҳуқуқи. 1990 йил 29 июнда қабул қилинган ЕХҲТнинг инсоний ўлчовлари бўйича конференциясининг Копенгаген йиғилиши ҳужжатининг 5.1. бандида “Яширин овоз бериш йўли билан ёки унга тенглаштирилган эркин овоз бериш тартибида, амалда сайловчиларнинг ўз вакилларини танлашда ўз фикрини эркин ифода этишини таъминлайдиган шароитларда ўтказиладиган эркин сайловларни ташкил этиш” назарда тутилган. Ушбу принцип мазмунига кўра, сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида Сайлов кодексида белгиланган тамойиллар, қоида-талаблар муҳим аҳамиятга эгадир. 

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш давомида биринчидан, миллий қонунчилигимиз ва сайлов амалиёти таҳлил этилди, иккинчидан, 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг (Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Швеция, Бельгия, Польша, Албания, Беларус, Озарбайжон ва бошқалар) илғор тажрибаси ўрганилди, учинчидан, халқаро ташкилотларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тавсиялари инобатга олинди.

Сайлов кодекси турли сайловларни ўтказиш билан боғлиқ 5 та қонун ва ўндан ортиқ меъёрий ҳужжатлар асосида қабул қилинган, ўзида 30 дан ортиқ янги демократик сайлов қоида-талабларни мужассамлаштирган ягона кодификациялашган ҳуқуқий ҳужжатдир. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 2019 йил 25 июнда қабул қилинган бўлиб, 18 боб ва 103 та моддадан иборат. Сайлов кодексига мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар, миллий сайлов амалиётига замонавий ҳалқаро сайлов стандартларини жорий этиш ва сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқларини янада кафолатлаш мақсадида сўнги йилларда муҳим қўшимча ва ўзгартишлар киритилган. Хусусан, Сайлов кодексига киритилган сўнги муҳим қўшимча ва ўзгартишлар 2023 йил 6 майда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”гиЎзбекистон Республикаси конституциявий қонуни билан киритилди. 

Ушбу Конституциявий Қонун билан ҳар йилги маҳаллий бюджетларнинг бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш, оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд олиб ташланмаган фуқароларнинг вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияси аъзолигига тайинланишини тақиқлаш назарда тутилга. Мазкур Конституциявий Қонун сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ва референдумда иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сайлов кодексда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ масалалар алоҳида ҳуқуқий тартибга солинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари Сайлов кодексининг 12-бобида белгиланган бўлиб, қуйидаги нормалардан иборат: Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга қўйиладиган талаблар (61-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи (62-модда); Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар (63-модда); Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш тартиби (64-модда); Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш (65-модда).

Сайлов кодексининг 66 -моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов Сайлов кодексига тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид тадбирларни ташкил этиш бўйича Марказий сайлов комиссияси Муддатидан олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасини қабул қилади ва сайлов жараёнига оид тадбирлар ва уларнинг муддатлари ушбу Календарь режада акс эттирилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси “Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясини эълон қилиш ва уни ўтказиш бўйича календарь режани тасдиқлаш тўғрисида” ги 2023 йил 10 май№1247-сон қарори билан тасдиқланган.

Шунингдек, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиб, ўз сиёсий ғояси, дастури ва сайловолди платформаси асосида сайлов жараёнида кураш олиб борадилар.

Марказий сайлов комиссиясинингқарорлари. Сайлов қонунчилиги тизимида Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари ҳам муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Сайлов кодексининг 16-моддасига асосан, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари очиқ овоз бериш орқали, комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар комиссия Раиси томонидан имзоланади. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари билан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид қоидалар, ташкилий чора-тадбир ва услубий кўрсатмалардан иборат низом, йўриқнома ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари тасдиқланган қуйидаги низомлар:

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1065-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом;

Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги 1066-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом;

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 19 сентябрдаги 938-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги низом;

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 951-сонли қарори билан тасдиқланган Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисида низом;

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 952-сон қарори билан тасдиқланган Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқалар.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга киради ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида, шунингдек, зарур бўлган ҳолларда бошқа манбаларда эълон қилиниши лозим. Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурийдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сайлов қонунчилиги тизими шаклланган бўлиб, биринчидан сайлов қонунчилиги миллий сайлов амалиёти ва ҳалқаро сайлов стандартлари асосида такомиллашиб бормоқда, иккинчидан, сайлов кампаниясини демократик сайлов тамойиллари асосида очиқ ва ошкора ўтказилишини кафолатлайди.

Шуҳрат Файзиев,
Тошкент давлат юридик университети профессори, 
юридик фанлари доктори

    Бошқа янгиликлар