АсосийЖиноят

Республиканинг уч ҳудудида мансабдорлар пора билан қўлга тушди

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

'Республиканинг уч ҳудудида мансабдорлар пора билан қўлга тушди'ning rasmi

Наманган, Қашқадарё ҳамда Тошкент шаҳрида иш юритувчи мансабдорлар пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг матбуот хизмати Darakchi.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, дастлабки ҳолат Наманган вилоятида кузатилган. Ҳудудда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси суд тизимидаги танишлари орқали жорий йилнинг январь ойида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган маҳкумнинг ишини судда қайта кўриб чиқиш ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони тайинлаш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

“Мансабдор шахс сўралган пулнинг 10 минг АҚШ долларини олган вақтида  ашёвий далиллар билан ушланган. Кейин маълум қилинишича, мазкур мутахассис фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун  муқаддам бир неча маротаба судланган”, — дейилади хабарда.

Намангандан узоқлашмаймиз. Вилоятда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда, мол-мулкларни баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари солиқ органларидаги мансабдор танишлари орқали тадбиркорга тегишли бўлган МЧЖнинг 783 млн сўмлик  солиқ қарздорлигини 141 млн сўмгача камайтириб бериш эвазига 4400 АҚШ доллари олган вақтида жиноят устида қўлга тушган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мансабдор таниши ҳисобланган Наманган вилояти солиқ бошқармаси шўба бошлиғи ҳам  4400 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ушланган.

Кейинги ҳолат пойтахт Тошкентнинг Миробод туманида кузатилган. Туман  ҳокимлиги Ижтимоий мослаштириш маркази раҳбари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик паспортини расмийлаштириш ҳамда доимий рўйхатга қўйдириб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушган.

Яна бир ҳолат Қашқадарё вилоятида кузатилган. Қонунбузилиш ҳолатида, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими давлат ижрочиси ўз иш юритувида бўлган, жавобгар фуқаронинг қарийб 70 млн сўмлик қарздорлигини ундириш учун унинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни ечиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида, давлат ижрочиси талаб қилинган пул маблағини Қарши туманидаги фермер хўжалик раҳбари воситачилигида пора сифатида олган вақтида ушланган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

 

    Бошқа янгиликлар