Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлаш мақсадида республика бўйича сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни сотаётган савдо обектларида мониторинг ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда федерация Матбуот хизмати хабар берди.
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида фаолият юритувчи ЯТТ Утегенова Молдирга тегишли савдо дўкони кўздан кечирилганда жами 877 500 сўмлик яроқлилик муддати ўтиб кетган озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги, бундан ташқари, ишлаб чиқарилган жойи, манзили ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ширинликлар ва ветеринария маълумотномаси мавжуд бўлмаган гўшт маҳсулотлари сотилаётгани маълум бўлди.
Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконларида сотувга қўйилган озиқ-овқат маҳсулотлари ўрганилганда бир нечта маҳсулотларда, яъни, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, колбаса ва пишлоқлар, сарёғ, қандолатчилик маҳсулотлари, салқин ичимликлар ва консерва маҳсулотларида ишлаб чиқарилган саналари, яроқлилик муддатлари, айрим колбаса маҳсулотларининг қадоғида эса маҳсулот ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмаслиги кузатилди.
Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятларидаги озиқ-овқат чакана савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати ўтганлиги маълум бўлган.






