Сайлов натижаларини аниқлаш сайлов жараёнининг энг муҳим босқичи ҳисобланади. Чунки шу босқич орқали номзодларга берилган овозлар сони аниқлаштирилади. Мазкур жараёнда ошкоролик, адолатлилик, қонунийлик тамойиллари муҳим аҳамиятга эга бўлади. Сайлов кампанияси даврида
2 ойлик вақт мобайнида қилинган тайёргарликнинг натижаси ушбу босқичда намоён бўлади. Биз кўриб чиқадиган масалалар Сайлов кодексининг, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги низом талаблари билан тартибга солинади.
Овоз бериш тугаганлиги қандай эълон қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомнинг 75-бандига асосан, частка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари соат 20:00 да овоз бериш тугаганлигини комиссиянинг барча аъзолари, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозирлигида эълон қилади.
Мисол тариқасида, Қозоғистон Республикасининг Сайловлар тўғрисидаги қонунининг 38- моддасига кўра ҳам Президент сайловларида овоз бериш соат 20:00 да тугайди.
Эътибор қаратайлик, агар, овоз бериш куни УСК раиси томонидан овоз бериш тугаганлигини расмий эълон қилганидан кейин, мабодо сайлов участкаси биносида овоз бермаган сайловчилар қолиб кетган бўлса, ушбу сайловчиларга овоз бериш учун имконият берилади, яъни уларнинг овоз бериш ҳуқуқи таъминланади.
Аммо шундай сайлов участкалари борки, агар улардаги участкаларда рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, участка сайлов комиссияси овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.
Булар: Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида; ҳарбий қисмларда; санаторийларда; дам олиш уйларида; касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида; олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда; қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида.
Сайловчилар овозларини санаб чиқишда кимлар иштирок этиши мумкин!
Сайловчилар овозларини санаб чиқиш участка сайлов комиссияси аъзолари томонидан сайлов қутиларида мавжуд сайлов бюллетенлари бўйича амалга оширилади. Қонунчиликдаги жуда муҳим қоида шундаки, сайловчилар овозларини санаб чиқиш фақатгина овоз бериш биносида ўтказилади.
Овозларни санаб чиқиш жараёнида участка сайлов комиссияси аъзоларидан ташқари яна кимлар иштирок этиши мумкин деган савол туғилиши табиий? Жавоб тариқасида, участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш, овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни тўлдириш жараёнида қуйидагилар иштирок этиши мумкин: сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари; оммавий ахборот воситалари вакиллари; фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари; бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар.
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг овоз бериш тугагач, амалга оширадиган вазифалари
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида”ги низомнинг 80-бандига асосан, участка сайлов комиссияси аъзолари овоз бериш тугаганидан сўнг қонунчиликда белгиланган 11 та ҳаракатлар кетма-кетлигида вазифаларни амалга оширади. Мисол тариқасида, 10-ҳаракат сифатида, ҳар бир номзод бўйича берилган овозлар алоҳида-алоҳида санаб чиқилади ва ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сони аниқланади ҳамда якуний баённомага киритилади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ҳар бир номзод учун овоз берилган сайлов бюллетенлари алоҳида-алоҳида боғлам қилиб ўралади. Боғламда номзоднинг исми, фамилияси ва отасининг исми ёзилиб, овозлар сони кўрсатилади.
Овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомани шакллантириш тартиби қандай?
Зарур ҳаракатлар амалга оширилгач, комиссия якуний мажлис ўтказади, унда овоз бериш ва сайловчилар овозларини санаб чиқиш вақтида йўл қўйилган қонунбузилишлар ҳақидаги шикоят ҳамда аризалар кўриб чиқилади.
Шундан кейин комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолар томонидан овозларни санаб чиқиш натижалари ҳақидаги баённома икки нусхада тўлдирилади, имзоланади ва участка сайлов комиссияси муҳри билан тасдиқланади. Овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомага бирор-бир тарзда ўзгартириш киритишга йўл қўйилмайди. Агар овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомани тўлдириш вақтида комиссиянинг айрим аъзолари иштирок этмасалар, бу ҳақда баённомада уларнинг иштирок этмаганлик сабаблари кўрсатиб ўтилади. Овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомани имзолаш вақтида баённома мазмуни юзасидан норози бўлган комиссия аъзоси ўз фикрини баённомага алоҳида илова қилишга ҳақли, бу ҳақда баённомада қайд этилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сайловлар жараёнида овоз бериш натижаларини ҳисоблаш ва натижаларини таҳлил қилиш сайловларнинг энг муҳим босқичидир.
Шерзод Зулфиқоров ,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси






