АсосийJamiyat

Эсимда ўша дамлар, ўзи учар гиламлар...

'Эсимда ўша дамлар, ўзи учар гиламлар...'ning rasmi

Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг барчамизга ёд бўлиб кетган бу сатрлари хеч ёдимдан чиқмайди. Бугун замонавий компьютер техникаси ва интернетни сув қилиб ичиб юборган йигит-қизлар, хаттоки сизу биздан телефонни яхши тушунадиган болажонлар “Учар гилам”лару, “Тоҳир-Зуҳра” ёки “Ёрилтош”ни билишармикан? Таассуфки, деярли йўқ.

Таъкидлаш керак, кейинги йилларда мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди.  Ўғил-қизларнинг замонавий билим олиши, юксак маънавиятли бўлиб улғайиши учун зарур шароит яратиш борасидаги ишларни изчил ривожлантириш мақсадида, маъмурий ислоҳотлар доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилди. Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда.

Маълумки, ҳар бир халқ, миллат ва давлатнинг тарихий тараққиёти таълим-тарбия, маънавият даражасига боғлик бўлган.

Тадқикотларнинг таҳлили шуни курсатдики, шахсда миллий ғурур туйғусини шакллантиришни болалик давридан бошлаш зарур. Шахснинг камолотида миллий ғурур, миллий ифтихор, ўз-ўзини англашни мактабгача ёшдаги болалардан бошлашда халқ оғзаки ижоди наъмуналари жуда катта рол ўйнайди. Шунга кўра, Ҳаракатлар стратегиясида "жисмонан бақувват, маънавий ва ақлий ривожланган, эркин фикр юритадиган, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, юртга садоқатли ёшларни тарбия килиш" каби вазифалар белгилаб берилди. Бунда турли халқлар тафаккури маҳсули бўлган халқ оғзаки ижоди намуналари - эртаклар, ҳикоялар, ривоятлар, афсоналар, топишмоқлар, тез айтишлар мақоллар, маталлар, ўйинлар, лапарлар, қўшиклар, латифалар, нақллардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро тажрибада ёш авлодни миллий ифтихор руҳида тарбиялаш, миллий маданиятни ривожлантириш, баркамол шахс камолотини таъминловчи асосий омил сифатида намоён бўлмоқда. Бунда улар асосан нималарга эътибор беришади?

Масалан, Полшада мактабгача таълимни болалар боғчасида ёки мактабдаги махсус синфларда оладилар. “Ноловой синф” 6 ёшдаги ҳамма болалар учун мажбурийдир. Ҳамма боғчаларда поляк болалари мактабда ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида ўргатиб борилади.

Белгияда эса мактабгача таълим 2,5 ёшдан бошланади. Мактабгача таълим гуруҳларининг асосий мақсади: болаларнинг билиш, билим орттириш (когнитив), коммуникатив ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш ҳисобланади. Мактабгача таълим мажбурий таълим дастурига киритилмаган бўлсада, Белгияда тахминан 90% гача бўлган болалар унга қатнашади.

Мактабгача таълимга Японияда жуда катта эътибор берилади, чунки психологларнинг таъкидлашича 7 ёшгача инсон билимларни 70%ни, қолган 30%ни бутун қолган умри давомида ўзлаштирар экан. Мактабгача тарбия одатда оиладан бошланади. Япон аёллари учун оналик биринчи ўринда туради. Кўпгина япон аёлларининг айтишларича, бола тарбияси улар ҳаётларининг мақсадларидир. Японлар боланинг эрта вояга етиши тарафдоридирлар. Турли ёшларда тарбиянинг турли муаммоларига урғу беради. Масалан, 1 ёшда-ўзига ишонч ҳиссини уйғотиш, 2 ёшда-амалий санъат қўл меҳнатини кўрсатиш, 3 ёшда-бурч ҳиссини тарбиялаш, 4 ёшда-яхшилик ва ёвузликни фарқлашга ўргатиш, 5 ёшда- лидерлик ҳислатларини тарбиялаш, мустақилликка, режа тузиш ва уларни бажаришга ўргатиш. Болалар ва қизлар турлича тарбияланадилар. Ўғилга оиланинг бўлажак таянчи сифатида қарайдилар ва қийинчиликларни енгишга ўргатадилар. Қизларни эса уй ишларига тайёрлайдилар. Эртаклар, китоблар, мусиқа, спорт ўйинлари, рассомлик каби шахснинг ижодий хусусиятларига қизиқиш уйғотилади. Болалар боғчаси Японияда ватан фуқаросини шакллантириш тизимининг 1-босқичи ҳисобланади.

Жанубий Кореяда болалар боғчаси умумтаълим турига кирмайди. Ота-оналар фарзандларини хусусий мактабгача муассасаларга берадилар. Бу муассасаларда машғулотлар корейс тилида, инглиз тилида, баъзиларида фақат инглиз тилида олиб борилади. Болалар боғчасига 3 ёшдан 5 ёшгача қабул қилинади. Болалар боғчасининг асосий вазифаси оилаларни ҳар томонлама ривожланиши учун шароит яратишдан иборат. Боғчаларда асосан мусиқа, расм, ҳисоблаш дарслари ўтилади. Корейс боғчаларида болаларда мустақилликни шакллантиришга катта эътибор берилади.

Хитойда мактабгача таълим болалар боғчалари ва мактабача таълим муассасалари ҳисобланади ва 3-6 ёшли болалар қабул қилинади. Хитой болаларидаги қатъийлик ва меҳнат севарлик анъанавий фазилатларга айланган.

Кўриниб турибдики, ҳар бир миллат давлат келажаги бўлган болаларни тарбия қилиш, уларда ватанпарварлик ҳиссини шакллантиришни боғча ёшиданоқ бошлайди ва бунда турли усуллар ва йўналишлардан фойдаланади.

Кундалик ҳаёт ва байрамларда, анъана ва урф-одатларда, маҳалла ва оилавий ўзаро муносабатларда миллий ғурурм ғоялари ифодаланган ва ривожланган. Шу сабабдан ҳам халқ анъаналарида қўлланилган, асрлар давомида синалган баркамол шахсни тарбиялаш воситаларидан воз кечиб бўлмайди. Мазкур жараёнда мактабгача таълим даври етакчи ролни эгаллайди. Мактабгача ёш даври миллий ғурур —мен концепцияси мотивларини шакллантиришда ва болаларнинг билишга оид қизикишларини ривожлантиришда, ижтимоий ва ахлоқий қоидаларни ўзлаштиришларида асос ҳисобланади..

Хулоса қилиб айтганда халқ оғзаки ижоди бу миллатнинг туганмас бойлиги, ундан оқилона фойдалана олиш оилада, таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини тўғри ташкил қилишга боғлиқ. Чунки, мактабгача таълим ташкилотидан бошлаб аждодларимиз панд-ўгитлари, халқимиз мақол-маталлари билан таништириб бориш, уларнинг ҳар бирига таҳлилий тушунча бериб, уни одоб-аҳлоққа боғлаб бориш, миллий мафкурамизга тамал тоши қўйиш демакдир.

Шаҳрисабз давлат педагогика институти Мактабгача таълим йўналиши талабаси Эъзоза Яшинова

    Бошқа янгиликлар