Давлат раҳбарининг “2025—2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланишича, ТИВ(Ташқи ишлар вазирлиги) 3 ой муддатда АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик муддатга визасиз кириш режимини жорий қилиш ҳамда Ўзбекистон фуқароларига АҚШга кириш учун виза талабларини енгиллаштириш юзасидан музокаралар бошлаш ва якуни бўйича таклиф киритиши лозим.
Шунингдек, Россия, Қозоғистон ва Озарбайжон фуқаролари учун Ўзбекистонга ички ҳужжат ёки ИД-карта, шу жумладан, 16 ёшга тўлмаган фуқароларга “киндер паспорт” билан 30 кунгача кириш режимини жорий қилиш режалаштирилган.
Президент фармони билан 2025 йил 1 июндан Баҳрайн, Кувайт ва Уммон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилади. Ҳужжатга кўра, республика ҳудудларига 15,8 миллион нафар хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 млрд долларга етказиш мақсад қилинган.
Маълумот учун, 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визасиз режим ҳам жорий этилади. Бу келишув икки давлат фуқароларига 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш имконини беради.