Эътибор қаратадиган бўлсак, Сайлов кодексида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги Низомда, сайловолди ташвиқотида номзодлар учун тенг имкониятлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиб қўйилган. Мисол тариқасида,Сайлов кодексининг 41-моддасига кўра, Президентликка кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинган бошлаб, тенг ҳуқуқларга эга бўлади. Дарҳақиқат, тенглик адолатнинг, қонунийликнинг, шаффофликнинг сайлов жараёнида таъминланишининг муҳим гаровидир.
Мисол тариқасида, Қозоғистон Республикасининг Сайловлар тўғрисидаги қонунининг 28-моддасига кўра, Президентликка қўйилган номзодлар рўйхатга олиш тугаган кундан бошлаб, ҳар бир номзод бир вақтда, тенглик асосида сайловолди ташвиқотига киришиши белгилаб қўйилган.
Сайловолди ташвиқоти: биринчидан, номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишга, иккинчидан, сайловчиларни номзодлар дастурларининг асосий йўналишлари, мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалари билан яқиндан таништиришга, учинчидан, сайловчиларни номзод учун овоз беришга ишонтиришга қаратилган муҳим восита бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам барча демократик давлатларда, шу жумладан мамлакатимизда ҳам сайловлар жараёнида сайловолди ташвиқоти босқичига алоҳида эътибор берилади.
Сайловолди тадбирларнинг асосий мақсади, сайловда иштирок этувчи номзоднинг билим-салоҳияти, ҳокимиятга бўлган интилиши ва бу борадаги дастуринининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш орқали сайловчиларнинг ишончини қозонишир. Шуни таъкидлаш жоизки, сайловолди тадбирлари номзодлар учун ўз имкониятларини намоён қилиш йўлидаги ўзига хос сиёсий-ҳуқуқий майдон бўлиб ҳисобланади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Парламентлараро Иттифоқ Кенгашининг 1994 йил 26 мартда қабул қилинган “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисида”ги Декларациясида, “Ҳар бир номзод ёки сиёсий партия сайловларда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятларга эга бўлиш лозимлиги” ҳамда “давлат органлари томонидан сайлов кампаниясини давлат ва жамоат оммавий ахборот воситалари томонидан холисона ёритилиши учун зарур чораларни белгилаши лозимлиги” қайд этилган.
Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоизки, қонунчилигимизга мувофиқ, номзодларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун маблағлар давлат бюджетидан ажратилади. Номзодларга бошқа манбалардан пул маблағларини ўтказиш (киритиш), товарлар етказиб бериш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш шаклида молиявий таъминлаш ва бошқача тарзда молиявий қўллаб-қувватлаш тақиқланади. Адолатлилик, холислик таъминланиши мақсадида сиёсий партиядан кўрсатилган номзод сайлов кампаниясида иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган республика бюджети маблағларининг ҳажми МСК томонидан тенг улушларда белгиланади.
Эътибор берадиган бўлсак, бу йилги Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларда давлат бюджетидан 174 миллиард, 130 млн сўм пул маблағи ажратилди.Шундан, партияларнинг умумий тадбирларини ўтказиш ва партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар миқдори 19,655 миллиард сўм ёки тўрт нафар номзоднинг ҳар бири учун 4,914 миллиард сўм миқдорида тасдиқланди. Бу маблағлар албатта тенглик тамойилини мустаҳкамлаган ҳода, номзодлардан ўта фаолликни талаб этади.
Тенгликни таъминлаш мақсадида, Сайлов кодексига кўра, ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак. Қолаверса, номзодлар ва сиёсий партияларга босма, кўргазмали, аудиовизуал материалларни, фонограммаларни, босма маҳсулотнинг электрон шаклларини ва бошқа ташвиқот материалларини монеликсиз чиқариш ҳамда тарқатиш учун тенг шароитлар яратилади.
Дарҳақиқат, ҳозирда сайловолди ташвиқотларида сиёсий партиялар, номзодлар томонидан замонавий оммавий ахборот воситаларидан фойланиш кўлами кенгайиб бормоқда. Бу албатта, номзодларга ўзининг дастурида илгари сурилган йўналишлар, мақсад ва вазифлар, келажакка мўлжалланган режаларни кенг жамоатчиликка тушунтиришда бевосита қўл келади.
Тенглик ҳақида гапирияпмиз, бунинг исботи сифатида жорий йилнинг 5 июнида Марказий сайлов комиссиясининг 1272-Қарори билан тасдиқланган номзодлар учун Республика марказий телерадиоканалларида, яъни, “Ўзбекистон 24”, “ Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Маҳалла” каналларида тенг миқдорда бепул эфир вақти ва ҳажми белгилаб берилди. Узатиладиган марказий телерадиоканалларидаги эшиттиришлар айнан фуқаролар учун қулай вақт, прайм-тайм вақтига мўлжалланган.
Маҳаллий телерадиоканалларида эса, бир номзод учун ажратилган эфир вақтининг умумий ҳажми 100 дақиқани ташкил этган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ҳар бирига видео- ва радиороликларни трансляция қилиш учун 2023 йил 7 июнь - 7 июль даврда ҳар куни ҳар бир маҳаллий телерадиоканалда 2 дақиқадан (жами 62 дақиқа) эфир вақти ҳам белгиланган.
Қолаверса, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” газеталарида ҳамда маҳаллий 20 дан ортиқ газеталарда нашр майдони номзодлар учун аниқ жадваллар асосида, тенглик принципи қўлланилган ҳолда белгиланган.
Мисол тариқасида, Озарбайжон Сайлов кодексининг 78-моддасига қарайдиган бўлсак, сайловолди ташвиқотларида номзодлар ОАВ ларидан фойдалнишларида тенглик тамойили устувор аҳамият касб этади. Франциянинг Сайлов кодексида ҳам номзодлар ОАВ ларидан фойдаланишларда тенглик тамойилига алоҳида эътибор қаратилган.
Номзодларга қандай яна тенг кафолатлар берилган!
Эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида, телевидение ва радио орқали сўзга чиқиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда озод бўлиш ҳуқуқига эга. Демак, ҳар бир номзод сайловолди ташвиқотларида ўзининг асосий ҳаракатларини сайловчиларга намоён қилиш даврида, уларга қулайлик яратиш мақсадида унга тенглик шароитлари яратиб берилади.
Шунингдек, номзод учун муҳим тенглик кафолати сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар эса Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида давлат йўловчилар транспортининг барча турларида (бундан шаҳар йўловчи транспорти, такси ва бошқа транспорт турларининг буюртма йўналишлари мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга. Номзодларнинг хизмат сафари ва бошқа харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Президентликка номзодларга янада қулайлик яратиш, уларга яқиндан сайловолди ташвиқотларда кўмак бериш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ўн беш нафарга қадар ишончли вакиллар олиш ҳуқуқига эга. Бу ерда ҳам ҳамма рўйхатдан ўтган номзодлар бир хил сондаги кўмаклашувчиларни ажратиш белгилаб қўйилмоқда. Ишончли вакилларнинг ўзи, номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалашда кўмак беради.
Сайловчилар билан учрашувлар тенглик асосида ташкил этиладими?
Сайловолди ташвиқотлар усулларидан бири бу, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширишдир. Сайлов кодексининг 48 - моддасига кўра, номзодларга ва сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали ташвиқот учун тенг шароитлар яратилади.
Сайловолди учрашувлари, номзод учун муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб, бу орқали депутатликка номзодларнинг фаоллиги ортади, чунки, фаол қатнашиш ёки қатнашмаслик, номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловда қатнашишдаги энг асосий масала яъни, ғолиб чиқиш ёки мағлубиятга учраш каби оқибатларга олиб келади. Сайловолди ташвиқоти шакл ва усулларидан самарали фойдаланиш, Президентликка номзодлар ва уларни кўрсатган сиёсий партиялар учун ўзига хос синов ҳисобланади. Сайловолди тадбирларининг қандай ўтказилиши номзод тарафдорлари сонининг кўпайиши ёки камайишига, унинг мавқеининг кўтарилиши ёки тушиб кетишига олиб келиши мумкин. Сайловчилар билан учрашувлар сайловда иштирок этаётган номзоднинг билим ва салоҳияти, ўз дастурининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш орқали сайловчиларнинг ишончини қозониш ва тарафодларини кўпайтиришдан иборатдир. Шуни таъкидлаш жоизки, сайловолди учрашувлар номзодлар ва сиёсий партиялар учун ўз имкониятларини намоён қилиш йўлидаги ўзига хос сиёсий майдон ҳисобланади.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги сайловчи кечаги сайловчи эмас, негаки, баъзи номзодлар томонидан популизмга ўтиши мумкин, яъни, қуруқ ваъдалар, сафсатабозликлар, мақсади йўқ гаплар ва ҳоказо. Аммо, бугунги сайловчи ҳар бир билдирилган фикрни чуқур таҳлил қилиш, ҳар қандай вазиятда мажозий маънода айтганимизда қарши ҳужумга ўтиши мумкин. Шу маънода ҳам сайловчиларни ҳозирги ўзгаришлар,ислоҳотлар даврида алдаб, ўз изнига тушириш кароматлари ўтиши қийин. Шунинг учун ҳам номзоддан ўткир мушоҳада, билим, зеҳният, олдини кўра билишлик, аниқ мақсадларни халққа тушунтира билишлик каби хислатлар талаб этилади. Бунинг учун албатта номзод жараёнларга тайёр бўлиши керак!
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, эксперт гуруҳи аъзоси Шерзод Зулфиқоров






