Бугун Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаевнинг Тошкент шаҳрида сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, эколог олимлар, маҳалла фаоллари, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, ёшлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод А.Ҳамзаев сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан сайловчиларни таништириб ўтди.
Сайловолди дастурида мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этиш асосий мақсад этиб белгиланганлиги таъкидланди. Шунингдек, номзод аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидагиларга эътибор қаратишини айтиб ўтди.
Экология соҳасида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш борасида:
Энг аввало, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, мамлакат манфаатларига мос келувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, хусусан, “Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисидаги конвенция”, “Атроф муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисидаги конвенция”, “Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги конвенция”га қўшилиш чоралари кўрилади.
Давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси” ишлаб чиқилади.
Яна бир муҳим масала, экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талаблари ягона соҳавий кодекслар жумладан, Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодексида мустаҳкамланади.
Шаҳарлар Бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши, янги турар жойлар қурилишида “яшил зоналар” аҳолининг сонига мутаносиб равишда бўлиши зарурлиги талаби қонунчиликда белгиланади.
Яшил ҳудудлар, тоғ ён бағирлари, дарё ва кўллар соҳилларидаги ҳар қандай қурилишлар экологик экспертиза ва жамоатчилик назоратидан сўнг амалга оширилиши таъминланади;
Хавфли чиқиндилар, тиббиёт ва биологик ҳамда қурилиш чиқиндиларини бошқариш ва қайта ишлашни тартибга солувчи “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинади.
Биологик хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади.
Экологик муаммоларни бартараф этиш, амалга оширилаётган ишларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ва бу борада кенг жамоатчиликни хабардор этиш йўналишида:
Ҳар қандай инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш, табиий ресурслар билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизими жорий этилади.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим стратегик дастурларини ишлаб чиқишда экологик хавфсизлик мезонлари мажбурий тартибда киритилади.
Бугун бутун дунё экологик муаммолар гирдобида қолаётганини ҳар биримиз яхши англаб турибмиз. Сайловчилар ҳам сайловолди дастуридаги ана шу вазиятларга қаратилган муҳим таклифларга эътибор қаратиб, номзоднинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб ўтишди.
Сўзга чиққанлар мамлакатимиздаги долзарб экологик муаммоларга эътибор қаратиб, номзоднинг сайловолди дастурида бу муаммоларга мукаммал ечимлар бериб ўтилганини таъкидлашди.






