1

«Иссиқ-совуқ» қилдирганим — энг катта айбим…»

МУТОЛАА 15.10.2016, 11:10
Теглар: Хикоя
«Иссиқ-совуқ» қилдирганим — энг катта айбим…»

Ҳаётда кўп марта адашганман. Қилган ишларимни бирма-бир айтсам, қарғишлар остида қолиб кетсам керак. Одам қанчалик ёвуз бўлмасин, барибир ички кечинмалари, афсус-надоматлари олдида шунчалик ожиз қолиб, ич-этини еявераркан. Кимгадир айтиб юкини енгиллаштиргиси келаркан…

Қишлоқдошимга турмушга чиққандим. Қўлида касб-у кори бўлмагани учун оиламизни боқишга жуда қийналди. Уруш-жанжаллар жонига тегиб дўстлари билан хорижга жўнаб қолди. Шу кетганча бир мартагина арзимаган пул юбориб, сўнгра умуман хабарлашмай қўйди. Қишлоқдошлари қўйни-қўнжини тўлдириб келганда ҳам у қайтмади, дўстлари ўша ерда бир аёлни топиб олибди, деган гап чиқаришди. Мен эса ёш ҳолимда икки болам билан ёқамни тишлаб қолавердим. Ҳаёт мени мажбур қилди, болаларимни боқишим керак эди, деб ўзимни истаганча оқлашим мумкин. Ҳа, бу оқловни ҳамма қораласа ҳам, очиқ айтаман, менга ҳам осон бўлмади. Қўни-қўшнимникида бир кило гўшт учун кир-чирларни ювиб, уй-жойини тозалаб, мардикорлик қилиб кўрдим. Бир-икки топармон-тутармон эркакларнинг бошини айлантиришга ҳаракат қилдим. Бир-икки хилватда учрашганимдан кейин икки-уч кун қўлимда пул бўлар, лекин табиатан кўзга кўринарли чиройим бўлмагани учун бу ишларим мен кутган натижани бермас, йўқчилик тугаб, тўқчилик бошланмасди. Бир куни танишларимдан бири банкдан кредит олиб уйи олдида кичкина дўконча очганини, ишлари бир маромда кетаётганини айтиб қолди. Банкка бориб, кредит бўлими бошлиғи билан учрашмоқчилигимни айтдим. Мен билан тенгдош, лекин кўриниши жуда ўктам бир йигит хушмуомалалик билан кутиб олиб, бошлиқ эканини айтди. Унга эрим ташлаб кетганини, бошқа бировга уйланиб, ўша ерларда қолганини, ота уйимда икки болам билан қийналиб яшаётганимни йиғлаб-cиқтаб айтдим. Йигит амалдаги тартиблар бўйича менга катта миқдорда кредит берилмаслигини тушунтирди.

— Опа, кечқурун уйимга боринг, сизга қўлимдан келганча моддий ёрдам бераман, вақти келиб қайтарарсиз, қайтармасангиз ҳам розиман, — деди.

У айтган манзилга бориб, оиласини кўрдим, чиройли хонадонига ҳавасим келди. Нега менинг эрим шундай одам эмас, нега мен ҳам шу бахтга арзимайман, деган ҳасад бош кўтарди. Қўлимга беш юз минг сўм тутқаза туриб, йигит бечора шундай деди:

— Опа, бу пулларга болаларингизга қишлик кийим олиб беринг, яхши едириб-ичиринг. Муаммо бўлса, яна келинг, ёрдам бераман.

Шундан кейин бу йигитни ўзим учун соғин сигирдек қилиб олдим. Ҳар ойда уни йўқлаб турдим, қачондир жонига тегиб ёрдам беришдан тўхташидан жуда қўрқардим. Шунинг учун қишлоқдаги энг кучли, нафаси ўткир фолбинга бориб, уни ўзимга иситиб олиш учун иш бошладим. Холис ёрдам қилаётган йигитга ўзимни косметик моллар сотиб олиб, тадбиркорлик қилаётгандек кўрсатардим. Унга ўқитилган совун, атир каби нарсаларни совға қилардим, кейинчалик тушликка турли баҳоналар билан иссиқ овқат кўтариб борадиган бўлдим. Лекин банк ходимлари аллақачон бизни гап-сўз қилишган, ошиқ-маъшуққа чиқаришганди. У билан яқиндан алоқада бўлишни истасам ҳам йигитда мен томонга оғиш сезилмасди. Фолбинга айтиб кучлироқ дам солишини сўрадим. У кийимини топиб келишимни айтди.  Йигитнинг уйига бориб, ҳеч ким сўрамаса ҳам, хотини рози бўлмаса ҳам уй хизматини қилдим, бирма-бир кўйлакларини ўғирлаб, ўқитиб чиқдим. Ана энди, иссиқ-cовуқнинг кучи билинди, йигит менга батамом оғиб, нима айтсам, шуни қиладиган даражага етди. Бундай лаққа балиқни ким ҳам қўлдан чиқаргиси келарди. Хотини, онаси билан кўп марта жанжаллашиб, барибир ўзимники қилишимни баралла айтдим. Шу орада понани пона билан чиқаради, деганларидек хотини ҳам худди менинг йўлимдан юриб, иссиқ-cовуқларимга қайтарма қилишни бошлади. Биров ишонар, биров умуман ишонмас, йигит бундай қора кучларнинг ҳар томонга тортқилашидан қаттиқ бетоб бўлиб ётиб қолди. Мансабидан бўшаб, даволанди. Оиласидагилар уни менга кўрсатмай беш ой уй ичида сақлашди, ишга қайтганида эса одамларга совуққон ва эҳтиёткор муомала қиладиган одамга айланди, мени эса кўришни умуман истамади.

Бу воқеага тўққиз йил бўлди. Автоҳалокатга учраб, бир оёғимдан ажралдим. Ногиронлигим учун бериладиган нафақа келгандагина болаларимга керакман. Бошқа пайт эса кун бўйи қаерлардадир изғийдиган қизим ва ўғлимнинг изини пойлаб ўтираман.

Мамлакатнинг иқрорини  Азиза Қурбонова ёзиб олди

Шарҳлар

Йигирма йил кутилган бахт

16.01.2017, 14:47

— Турмуш қурганимизга йигирма йил бўлди, — деди таҳририятга қўнғироқ қилиб ўзини Динора опа деб таништирган мухлисамиз. — Турмуш ўртоғим иккимиз институтда ўқиб, севишиб, ота-онамизнинг...
Келин қул деганими?

13.01.2017, 15:24

Шаҳло қайнонасининг қадам товушларидан уйғониб кетди. Эндигина кўзи илинганди-я. Қизини ухлатиш қийин, ёшига тўлмай сунъий овқатга ўргатгани учун бир дарди икки бўлган. Шаҳлонинг ўзи белида...
«Севганим чиройли…»

12.01.2017, 16:28

Турмуш ўртоғинг чиройли бўлса ҳам қийин экан. Атрофдаги аёллар ундан кўз узмай туришига чидаш осонми? Бундай вазиятда рашк қилиш, кўз ёш тўкиш, кетаман деб қўрқитиш...
«Дадам ва онамни яраштирганим…»

11.01.2017, 11:26

Макр ишлатиш аёлларга хос, дейишади. Аммо ёш бўлишимга қарамай, мен ҳам макрдан фойдаландим. Буни ёмонликка йўйманг. Оиламизни сақлаб қолиш учун қилдим буни… Бир бошидан айтиб...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1