Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев пуллик контент жойлаштирган блогерлар ва интернет-ресурс эгалари фаолиятини тартибга солувчи “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Блогерлар пуллик контентни бошқа нашрлардан ажратиб кўрсатиш учун реклама ёрлиғи қўйиши ва тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай постлар учун солиқ тўлаши талаб қилинади.
Янги қонун онлайн платформалар эгалари учун кенг кўламли мажбуриятларни белгилаган.
Интернет-ресурс эгалари онлайн платформалар фаолиятини назорат қилувчи давлат органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Кунига ўртача 100 мингдан ортиқ қозоғистонлик фойдаланувчи ташриф буюрадиган сайтлар эса мамлакатда ўз вакилини тайинлаши шарт.
Онлайн платформалар эгалари ҳам ўз ресурсларига давлат тилини интеграциялашлари, яъни исталган контентни қозоқ тилига автоматик тарзда таржима қилиш имкониятини яратишлари керак.
Эслатиб ўтамиз, “Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида”ги қонун ОАВ томонидан 10 июль куни эълон қилинган, у 60 кун ўтгач кучга киради.
Ушбу қонундан ташқари, Токаев амалдаги қонунчиликка бир қатор тузатишларни имзолаган. Шундай қилиб, Қозоғистонда ёлғон маълумотларни жойлаш ва тарқатиш учун маъмурий жарималар жорий этилади.
Бундан ташқари, онлайн платформаларга ёлғон маълумотларни жалб қилган шахслар учун пул жазоси назарда тутилган.






