АсосийMadaniyat

Европаликларни ҳайратга солган абрли матоларининг сири нимада?

'Европаликларни ҳайратга солган абрли матоларининг сири нимада?'ning rasmi

Абрли матолар (хорижда икат деб номланади) ўзбек тўқимачилик газламаларининг дунёдаги энг таниқли қисми бўлса ажаб эмас.

Уларнинг мафтункорлиги – ғаройиб жим-жимадор нақшларида, турфа жилваланувчи ва бир-биридан кескин фарқ қилувчи рангларнинг ёрқин бирикмасида. Ранглар бирикадиган жойларда уларнинг бир-бирига сингиб кетаётгандек кўриниши жилоланиш таъсирини кучайтиради.

Бундай таассуротга бўяшнинг заҳира услубидан фойдаланиш орқали эришилади, унда бўлғуси мато иплари бўёқли идишга ботирилишидан олдин муайян жойларидан танғиб боғланади. Боғланган қисмлар бўялмай қолади. Бу жараён турли бўёқлардан фойдаланган ҳолда, бир неча босқичда такрорлангач, ранг-баранг гулли нақш олинади. Битта бўялган жойнинг бошқасидан герметик ажратиб олишнинг иложи йўқлиги бўёқларнинг ўзига хос оқиб тушишига сабаб бўлади, бу эса мазкур матолар кўринишига антиқа бадиий ифода беради.

Ўзбекистонда бўяшнинг бу усули абрбанди            (”боғланган булут”) ва бу усулни қўллаш орқали яратилган матолар абрли (”булутли”) деб номланади. Улардаги нақшлар эрталабки осмон узра сузиб юрган ва тоғ дарёларининг сувларида акс этаётган пацимон булутларга ўхшайди.

Заҳира услубидан Ўрта ва Жануби-Шарқий Осиё, Хитой, Япония, Яқин Шарқ, Ғарбий Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларидаги қўплаб халқлар тўқимачилигида фойдаланилган. Бироқ айнан Ўзбекистонда абрли бўяш услубида яратилган шойи ва пахта газламалари миллий маданиятнинг ўзига хос рамзига айланган. 

Дунё ушбу ажойиб матолар ҳақида ХИХ асрнинг бошларидаёқ, бу минтақадан турли хил буюмларни, шу жумладан антиқа буюмларни чет элларга чиқаришни йўлга қўйган савдогарлар туфайли билиб олди.

Абрли матолар миллийликдан холи ва уйғунлашган маданий ҳодиса бўлган. Европаликлар Туркистонга келгач, умрбод шу матолар шайдоси бўлиб қолаверишган. Уларни коллекция сифатида тўплаш даври шу тариқа бошланган. Ушбу матолар жозибадорлиги уларнинг оммавий равишда чет элга олиб чиқилишига йўл очди, оқибатда бугун дунёнинг хусусий ва музей тўпламлари машҳур коллекцияларга эга бўлди. Ғарб дунёсининг Шарқ санъати ранг-баранглиги билан танишуви Европа бадиий маданиятида ўз ифодасини топмаслиги мумкин эмас эди, абрли матолар унинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди.                             

Лойиҳа бош ҳомийси: Эриелл-Гроуп нефт хизматлари компанияси.

    Бошқа янгиликлар