1

Қандай касалликлар наслдан ўтиши мумкин?

САЛОМАТЛИК 18.10.2016, 14:22
Теглар: Саломатлик
Қандай касалликлар наслдан ўтиши мумкин?

Қайнотам қандли диабетга чалинган. Анча йилдан бери шу касалликдан азият чекади. Охирги пайтларда эрим оғзи тез-тез қуруқлашиб кетаётганидан шикоят қилаяпти. Эшитишимча, бу касаллик кейинги авлодларда ҳам такрорланиши мумкин экан. Шу ростми?

Чарос, Наманган шаҳри

Таҳририятимизга қўнғироқ қилган бу наманганлик муштарийимизнинг саволи кўпчиликни қизиқтиради. Дарҳақиқат, кундалик турмушимизда тез-тез тилга олинадиган касалликлар оила аъзоларимиздан бирида такрорланиши хавотирга солиши рост. Аммо бу рўйхатни қайси касалликлардан бошлаш зарур ва бундай «мерос»га эга чиқмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш лозим?

Маълумот

Оила аъзоларининг бирида яқин қариндошларда учраган касалликларнинг такрорланиши тиббиётда икки хил кўринишга эга. Бири ирсият билан боғлиқ касалликлар бўлса, бошқаси наслий мойиллик ва ташқи муҳит таъсирида юзага келадиган хасталиклар. Кундалик ҳаётда «оммалашган» касалликларга мойиллик мана шу иккинчи турга тааллуқли.

Онкология: хавф даражаси қандай?

Энг яқин қариндошларингиз шубҳасиз, ота-она, ака-сингил, буви-бува ва фарзандларингиздир. Бордию улардан бирида онкологик касалликлар кузатилган бўлса, оила аъзоларидан бирининг организмида мазкур турдаги хасталикларга мойиллик бўлиши мумкин. Айниқса, онкологик касалликларнинг хавфли ўсма кўринишидагиси хавотирланиш учун етарли асосдир.

Касалланмаслик учун:

  • Организмни фойдали витамин ва минераллар билан озиқлантирувчи маҳсулотлардан кўпроқ истеъмол қилинг. Суньий қўшимчалардан тайёрлаган егуликлардан воз кечган маъқул.
  • Истеъмол қилинадиган ёғли гўшт ва туз миқдорини ҳам камайтиринг.
  • Соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, вазнингизни назорат қилинг.
  • Руҳий зўриқиш, стресс ҳолатларидан сақланинг. Турли нохуш ўйлардан фориғ бўлинг.

Остеопарозга чалинганлар борми?

Яқинларингиздан диққат билан суриштириб кўринг: кимгадир остеопароз (суяклар тўқимаси сийраклашиб, суяклар ҳаддан ташқари ғоваклашиб қолади) ташхиси қўйилганми? Сабаби бу касаллик 90 фоиз ҳолларда яқин қариндошларнинг қай биридадир мойилликни келтириб чиқаради.

Касалланмаслик учун: мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш, таркибида D витамини мавжуд бўлган маҳсулотлар билан озиқланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этиш лозим.

Қандли диабет хавфи

Агар яқинларингиз орасида қандли диабетга чалинганлар бўлса, сиз ва оилангизнинг бошқа аъзоларида ҳам мазкур касалликка чалиниш эҳтимоли мавжуд. Қариндошлик даражаси қанчалик яқин бўлса, касалликка мойиллик хавфи ҳам шунчалик юқори бўлиши мумкин. Асосан, қандли диабетнинг 1 ва 2-турларига мойиллик ҳолатлари қайд этилиб, энг кўп учрайдиганлари биринчи, яъни эрта касалликка чалинганлик кўринишларидир.

Касалланмаслик учун: тиббий тадқиқотлар натижасига кўра, ҳар куни 30 дақиқа жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва организмда инсулин миқдори ортиб кетмаслигини назорат қилиш орқали қандли диабетдан сақланиш мумкин экан. Овқат билан бирга осон ҳазм бўладиган углеводли-ширин егуликларни меъёридан ортиқча ва мунтазам истеъмол қилиш эса касалликка чалиниш хавфини оширади.

Инфарктдан ҳимояланганмисиз?

Инфаркт (юрак мушакларининг бир ёки бир нечтаси нобуд бўлиб, юрак фаолиятининг издан чиқиши) ҳатто наслий мойиллик бўлмаса ҳам юзага келиши мумкин. Бироқ яқин қариндошларингиз орасида эркакларнинг 55 ёшгача ва аёлларнинг 65 ёшгача бўлганлари инфарктга чалинган бўлса, сиз ёки оила аъзоларингизнинг бирида мазкур касалликка мойиллик даражаси бирмунча юқори саналади.

Агар яқин қариндошларингиз орасида эркакларда 55 ёшдан сўнг, аёлларда 65 ёшдан кейин инфарктга чалиниш ҳолатлари кузатилган бўлса, ташхис қўйилганидан сўнг ўша инсон неча йил умр кўрганига аҳамият беринг. Касалликдан кейинги ҳаёти қанча узоқроқ бўлса, яқинлари учун инфарктга чалиниш хавфи шунча камайиб боради.

Касалликка чалинмаслик учун: тана вазнингиз ва асабингизни назорат қилишни, руҳий зўриқишлардан сақланишни ўрганинг. Спорт машғулотлари билан шуғулланиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Кўриш қобилияти

Наслий мойиллик узоқни хира кўриш касаллиги учун асосий омиллардан бири. Аниқланишича, мазкур касалликка чалинган инсонлар оиласида хасталикнинг юзага келиш хавфи кейинги авлодлар учун 3 марта кўпроқ бўлар экан. Бироқ ҳар доим ҳам касаллик ота-онадан фарзандларга ўтавермайди. Организмда шунга мойиллик юзага келсагина учраши мумкин. Бу ҳолат инсон умрининг исталган вақтида юз бериши мумкин.

Касалликка чалинмаслик учун: кўз нурини асраш ўз қўлингизда. Вақти-вақти билан кўриш қобилиятини яхшилаш учун турли дамламалар ёрдамида компресс қилинг, даволовчи машқларни бажаринг. Шу билан бирга, кўриш қобилиятига таъсир этувчи зарарли одатлардан ҳам воз кечинг.

Аллергик ҳолатлар

Агар ота-онангиздан бирида аллергик мойиллик мавжуд бўлса, касалликнинг сизда ҳам такрорланиши эҳтимолдан холи эмас. Шунга кўра, ота-онанинг бири аллергик ҳисобланса, фарзандларида касалликка мойиллик 40-50 фоизни ташкил этади. Иккаласи ҳам аллергиклар гуруҳига мансуб бўлишса, 70-80 фоизни кўрсатади. Шуни ҳам айтиш керакки, аллергик ҳолатларга мойиллик қариндошларда кузатилган тартибда эмас, организмдаги ўзгаришларга кўра бошқача кўринишда ҳам бўлиши мумкин.

Касалликка чалинмаслик учун: энг муҳими, аллергик ҳолатларни чақирувчи маҳсулотлардан узоқроқ юринг. Масалан, аэрозол, янги бўёқлар, тамаки тутуни, таомномадаги қизил, аччиқ, ўта ширин ва шўр егуликлар шулар жумласидандир.

«Онам тўлачадан келган бўлса, мен ҳам семираманми?»

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ота-онаси ёки яқин қариндошларининг аксариятида семизлик кузатилган бўлса, оиланинг бошқа аъзоларида ҳам шунга мойиллик бўлиши мумкин. Кимлардадир бу ёшлигидан сезилса, кимдадир аста-секин юзага келади.

Олдини олиш учун: тана вазнингизни назоратда тутсангиз, исталмаган тўлаликни мерос қилиб олмайсиз. Асосийси, озаман деб, организмингизни зўриқтириб, қувватсизлантирманг.

Соч тўкилиши

Оилангиз эркакларида сочнинг эрта тўкилиши муаммоси бўлса, бу ҳолат бошқаларда ҳам учраши мумкин. Одатда бу жараён эркаклар наслидан тарқалиб, тепакалликни келтириб чиқаради.

Олдини олиш учун: сочларни тўғри парваришланг. Зарур ҳолларда витаминлардан қабул қилинг. Ҳамма ишлатган тароқлардан фойдаланманг.

Депрессия ҳам ўтиши мумкинми?

Албатта, агар бунга мойиллик бўлса. Айтайлик, турмушдаги муаммолар, асабийлик, тушкун кайфият, ҳаётидан қониқмаслик бора-бора депрессияни келтириб чиқариб, руҳий мувозанатни ўзгартиради. Бу ҳолат асосан аёлларда кўп кузатилиб, туғруқдан кейинги даврларга тўғри келар экан. Касаллик сабабининг оддий кундалик тарзидан келиб чиқиши эса янаям ҳайратланарли.

Касалликка чалинмаслик учун: ҳаётингизни борича қабул қилиб, муаммоларни ахтарманг. Асабларингизни назорат қилиб, тинчланинг. Зарур ҳолларда невропатологга учраб, тинчлантирувчи муолажалар ҳам олиш мумкин.

Ошқозон гастрити, меъда яраси...

Бу касалликлар ҳам оила аъзоларингизнинг бирида такрорланиши мумкин. Аммо организмда хасталикка мойиллик бўлмаса, хавотирга ўрин йўқ. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам истеъмол қилинаётган маҳсулотларга эътиборли бўлинг. Оддийдек кўринган ҳолат ҳам касалликка мойилликни уйғотиши ҳеч гап эмас.

Касалликка чалинмаслик учун: аввало тўғри овқатланинг. Оч қоринга турли шарбатлардан ичманг. Ўз вақтида, тўғри овқатланишни одат қилинг. Осон ҳазм бўладиган таому егуликлардан тез-тез, оз-оздан тановул қилинг.

Аёллар саломатлигига доир касалликлар

Онангизнинг касаллик тарихи билан таниш бўлсангиз, тухумдонлар, сийдик йўлларидаги шамоллаш, яллиғланиш жараёнлари, цистит, бачадон найлари фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлардан воқифсиз. Агар бу касалликлар ҳақида билсангиз, ўзингизда уларга мойиллик юзага келиши мумкинлигини ҳам инобатга олинг. Сабаби онадан қизларга айнан мана шу турдаги касалликларнинг ўтиш эҳтимоли юқори саналади.

Касалликка чалинмаслик учун: жинсий аъзолар фаолияти билан боғлиқ хасталикларга аҳамиятли бўлинг. Яллиғланиш ҳолатларини ўз вақтида даволанг. Касалликка мойилликни келтириб чиқарувчи салбий таъсирлардан ҳимояланинг.

Хуллас, саломатлигингиз ўз қўлингизда! Демакки, ота-онам ёки хола-аммам қайси касаллик билан оғриган, дея бош қотирмай, соғлом турмуш тарзига амал қилинг. Нафақат ўзингиз, балки оилангизнинг барча аъзоларини бунга жалб этинг. Зеро, тўғри танланган турмуш тарзида ҳар қандай касаллик ҳам чекинади. Унутманг, наслий мойилликка эга бўлиш учун организмда жиддий ўзгариш ва ташқи муҳитнинг салбий таъсири бўлиши керак. Буларсиз оилангиз тарихидаги касалликлар саломатлигингизга соя сололмайди.

Шифокор-генетик Санобар АЛЛАБЕРГАНОВА тавсиялари асосида Дилдора ЮСУФБЕКОВА тайёрлади

 

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1