АсосийJamiyat

“Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди

'“Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 29 октябрдаги “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуни, 2019 йил 29 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6097-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, мамлакатимизда илм-фан ва илмий фаолият соҳасида, шу билан бирга илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ва амалиётнинг узвий боғлиқлигини таъминлашнинг устувор йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2023 йил 2 майдаги “2023-йилда ўтказилиши режалаштирилган халқарова республика миқёсидаги илмий ва илмий-техник тадбирлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 118-сон буйруғига асосан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида 2023 йилнинг 28 сентябрь куни “Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этиш: муаммо ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ғ.О.Мавлонов номидаги Сейсмология институти, Республика илмий-тадқиқот институтлари, Ўзбекистон Республикаси ФВВ Фавқулодда вазиятлар профилактикаси департаменти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар муаммолари илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази, Қуролли Кучлар академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси, Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти ёш олимлари ва бошқа нодавлат ташкилотлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари, курсантлар ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Анжумандан кўзланган асосий мақсад –– мамлакатимизда сўнгги йилларда фавқулодда вазиятларга олиб келувчи табиий, техноген жараён ва ҳодисаларни мониторинг ва прогнозлаш, эҳтимолий оқибатларини бартараф этиш борасида олиб борилаётган профилактик тадбирлар таҳлили, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечими тўғрисида асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

Анжуманни Академия бошлиғи, генерал-майор Равшан Ҳайдаров очиб, мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида барқарор иқтисодий ўсиш, айниқса, илғор технологияларга асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини, илм-фан ва инновацион фаолиятни жадал ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам асослари яратилаётгани, шунингдек, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган долзарб муаммоларни соҳа мутахассислари томонидан замонавий иновацион технологиялар асосидаги ечимини топиш ва илмий изланишлар олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борадаги муаммолар ечимига қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигинива ижрога қаратилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз” дея таъкидлаган сўзлариэътироф этилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2022 йил содир бўлган табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар 131 тани ташкил этган. Оқибатда 287 нафар инсон ҳалок бўлган, 297 нафари жабрланган. Шундан, табиий хусусиятдагилари 55 тани, ҳалок бўлганлар 
127 нафарни, жароҳат олганлар 88 нафарни ташкил этган. Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг асосий қисмини ёнғинлар ташкил этган. Ёнғинлар 10 минг 260 тани ташкил этиб, 7 минг 587 таси (умумий ёнғинларнинг 73,9 %) аҳоли яшаш секторига тўғри келади. Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар 107 нафар, жароҳат олганлар 177 нафарни ташкил этади. Ёнғинлар камайиб бориш тенденциясига эга бўлсада, моддий зарар миқдори ортиб бораётганлиги қайд этиб ўтилди.

Анжуманда сўзга чиққанлар, иқтисодиёт тармоқлари жадал ривожланаётганлиги, ишлаб чиқариш технологияларининг мураккаблашиб бораётгани боис, фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиш хавфини янада ошираётганига эътибор қаратиб, турли ижтимоий ва иқтисодий объектларда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг салбий оқибатларини камайтириш, уларни бартараф этишдаги муаммоларни ечимини топиш, хавфсизликни таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, инновацион технологияларни қўллаш самарадорлигини оширишда қўл келадиган таклиф ва тавсияларниишлаб чиқишга қаратилган кенг фикр-мулоҳазаларни билдирдилар.

Анжуман доирасида ёш олимлар, тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар томонидан яратилган ихтиролар, инновацион ишланмалар бўйича маъруза билан чиқишлари ва уларнинг намойишлари, ишланмалар кўргазмаси ҳамда бадиий ва махсус адабиётлар ярмаркаси анжуман қатнашчиларида катта таассуротлар қолдирди. 

Анжуман якунида Академия раҳбарияти томонидан вазирлик 
ва идоралардан ташиф буюрган маърузачиларга ҳамда фаол иштирок этганларга ташаккурнома ва сертификатлар ҳамда эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, долзарб мавзудаги мана шундай  анжуманларнинг юқори савияда ташкил этишилиши орқали соҳада мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, илмий муҳокама этиш, ҳал этиш йўллари бўйича асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамият касб этади. 

Фарҳоджон Хожаев,
Академия катта ўқитувчиси, 
майор.

    Бошқа янгиликлар