АсосийJamiyat

Октябрь – декабрь ойларида Ўзбекистонга жаҳонга машҳур хонанда ва бастакорлар ташриф буюради

Республика Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ташаббуси билан “Олтин куз” Халқаро санъат фестивалини ўтказишга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Фестиваль ўзбек халқининг ноёб номоддий маданий меросини, жумладан, миллий мусиқа, анъанавий ижрочилик ва театр санъатини, шунингдек, оркестр ижрочилиги ва жаҳон классик мусиқа санъатини кенг тарғиб қилиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодни миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга нисбатан эҳтиром ҳисларини юксалтириш, жаҳон халқлари миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатининг ноёб намуналари билан кенг таништириш мақсадида ўтказилади. 

28 октябрь – 3 декабрь кунлари Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар марказларида мазкур Халқаро санъат фестивалини ўтказиш тўғрисидаги таклифи Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳам маъқулланди. 

Октябрь – декабрь ойларига белгиланган халқаро тадбирларга жаҳонга машҳур фортепиано ва дирижёрлар, хонанда ва бастакорлар таклиф этилган. Дастурлар 28 октябрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида соат 11.00да жаҳонга машҳур фортепианочи, Я.Витола номидаги Латвия мусиқа академиясининг махсус фортепиано кафедраси мудири, профессор Юрис Калнциемснинг маҳорат дарси билан бошланади.

Кечки соат 18.00га белгиланган симфоник оркестр концертида Швейцария, Франция, Латвиядан ташриф буюрган солистлар Илва Вера Эйгус, Аврора Гехтер, Карлис Буковскис ҳамда ўзбекистонлик дирижёр Алибек Кабдураҳмонов иштирок этади. Шу тариқа то 1 декабрга қадр белгиланган тадбирлар режасидан россиялик  Владимир Горбик (дирижёр),  Владимир Свердлов-Ашкенази (фортепиано), Игорь Калнин (скрипка), исроиллик Юрий Гандельсман, АҚШлик Сеннет Рошелль (фортепиано) каби машҳур санъаткорларнинг маҳорат дарслари, улар иштирокидаги концертлар жой олган. 

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликда жорий йилнинг 22 ноябрь куни машҳур хонанда ва бастакор Тото Кутуньо (Италия) ҳамда 1 декабрь куни жаҳоннинг машҳур опера санъати намоёндаси Алессандро Сафинанинг (Италия)  катта концерт дастурлари режалаштирилган.  

Шунингдек, октябрь ва ноябрь ойларида Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси ҳамда Фольклор-этнографик жамоалар томонидан тадбирлар ташкиллаштириш, Тошкент шаҳридаги   Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон давлат академик рус драма, Ўзбекистон давлат ёшлар, Муқимий номидагти Ўзбекистон давлат мусиқали театрларининг Республика  ҳудудларига гастроль сафарлар уюштирилиши ҳам режага киритилган.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар