АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Ўзбекистонлик 15 ёшли мактаб ўқувчиси Африканинг энг баланд чўққиси забт этди

Ўзбекистонлик 15 ёшли Асал Максумова Танзанияда жойлашган Килиманжаро тоғининг 5 895 метр баландликдаги Ухуру чўққисига кўтарилди.

'Ўзбекистонлик 15 ёшли мактаб ўқувчиси Африканинг энг баланд чўққиси забт этди'ning rasmi

Ўзбекистонлик ёш саёҳатчи Асал Максумова Танзанияда жойлашган Килиманжаро тоғининг энг баланд нуқтаси — Ухуру чўққисини забт этди. Экспедиция Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган "Project Independence" лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Экспедиция маҳаллий гидлар ва юк ташувчилар ҳамроҳлигида ташкил этилди. Жамоа Килиманжарога кўтарилиш учун тоғнинг энг машҳур йўналишларидан бири ҳисобланган Марангу маршрутини танлади. Олти кун давом этган саёҳат давомида иштирокчилар қарийб 72 километр масофани босиб ўтди.

Йўналиш нам тропик ўрмонлардан тортиб, баланд тоғли чўл ҳудудлари ва қор билан қопланган ёнбағирларгача бўлган бир нечта табиий минтақалардан ўтди.

Экспедициянинг энг мураккаб қисми чўққига кўтарилиш босқичи бўлди. Ҳал қилувчи кунда жамоа қарийб 14 соат давомида йўл босди. Бу вақтда баланд тоғ ҳудудида ҳарорат минус 10 даражагача пасайган, қор ёғиб, кучли шамол эсган.

Асал Максумова экспедиция давомида иштирокчиларни ўзбек халқи маданияти ва анъаналари билан ҳам таништиришга қарор қилди. Хусусан, 3 720 метр баландликда жойлашган Хоромбо лагерида иқлимга мослашиш учун тўхталган вақтда жамоа билан биргаликда ўзбек палови тайёрлади. Таомни пишириш жараёни беш соатдан ортиқ давом этди.

Маълумот учун, Килиманжаро Танзаниянинг шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, Африка қитъасининг энг баланд тоғидир. Унинг энг юқори нуқтаси — Ухуру чўққиси денгиз сатҳидан 5 895 метр баландликда жойлашган.

Килиманжаро халқаро альпинизм лойиҳаси — "Етти чўққи" дастурига ҳам киради. Ушбу лойиҳа етти қитъанинг энг баланд нуқталарини забт этишни назарда тутади.

Учта асосий вулқон конуси — Кибо, Мавензи ва Ширадан ташкил топган Килиманжаро миллий боғи 1987 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

    Бошқа янгиликлар