1

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

ИҚТИСОДИЁТ 26.10.2023, 13:23
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк бошқаруви 26 октябрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

Регуляторнинг қайд этишича, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар ва кутилмалар йилнинг биринчи ярим йиллигидаги пасайишдан сўнг, маҳсулотлар таклифидаги ўзгаришлар ва инфляцион талаб омиллари фонида бир оз тезлашиши кузатилган.

Асосий ставканинг жорий даражаси йил охирига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари доирасида шаклланиши учун зарурий пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилади.

Умумий инфляция йил бошидан пасаювчи динамикада шаклланиб охирги чоракда 9,2 фоизгача тезлашган. Инфляция ўсишининг таркибий омиллари қаторида озиқ-овқат нархларининг 11 фоизгача тезлашиши, мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар ўзгаришининг умумий инфляциядаги ҳиссаси ортиши билан изоҳланмоқда.

Базавий инфляция йил бошидан пасайиб сентябрда 10,3 фоизни ташкил қилган. Аҳоли ва тадбиркорларнинг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари август ойидаги ўсишдан сўнг мос равишда 13,5 ва 14,2 фоизгача пасайган. Иқтисодиётдаги кутилмалар қисқа муддатли шокларга юқори таъсирчан бўлиб қолмоқда.

“Глобал инфляцион жараёнларнинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Асосий савдо ҳамкорлардаги инфляция даражаси ва алмашув курсларининг жорий динамикасидаги вазият сўмнинг реал самарали алмашув курсини мустаҳкамланишига босимларни кучайтирмоқда”, — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ижобий реал фоиз ставкалари депозит бозорининг чакана сегментида юқори фаолликни таъминламоқда. Сентябрь ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,1 фоизни ташкил этиб, 1 октябрь ҳолатига муддатли депозитлар қолдиғининг йиллик ўсиши 47,1 фоизни, жумладан, жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари ўсиши 52,3 фоизни ташкил этган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1