Шеробод тумани ҳокими соғлиғи туфайли лавозимдан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Халқ депутатлари Шеробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилган.
Сессияда туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Зайнобиддин Халилов соғлиги туфайли ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнига Усмон Алимов туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Усмон Алимов 1983 йил 6 апрелда Денов туманида туғилган. 2007 йил ва 2014 йилда Термиз давлат университетини, 2021 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқарув академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – миллий истиқлол ғояси ҳуқуқ ва маънавият асослари, иқтисодиёт, давлат бошқаруви.
Усмон Алимов 2013-2019 йилларда вилоят ҳокимлигида турли вазифаларда ҳамда Узун тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. 2019 йилдан буён Сурхондарё вилояти статистика бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.






