АсосийJamiyat

"Дунёда кечаётган иқтисодий ва сиёсий таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг танлаган йўли битта"

'"Дунёда кечаётган иқтисодий ва сиёсий таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг танлаган йўли битта"'ning rasmi

8-9 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 16-саммити нафақат Ўзбекистон, балки ташкилотга аъзо бўлган ва бўлмаган давлатлар матбуотида ҳам кенг ёритилди. Биргина шу мисол ташкилотнинг халқаро доирадаги нуфузи баландлигини кўрсатади. 

Маълумот учун айтиш мумкинки, Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот бўлиб, унга 1985 йилда асос солинган. Ўзбекистон ташкилотга 1992 йилда аъзо бўлган.

ИҲТга Марказий Осиёнинг бешта давлатидан ташқари Туркия, Озарбойжон, Афғонистон, Эрон ва Покистон ҳам аъзо. 2022-2023 йилларда Ўзбекистон илк бор мазкур халқаро тузилмага раислик қилди.

Хўш, ИҲТ ўзи қандай ташкилот, унга раислик қилиш Ўзбекистонга нима беради? Бугун Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Либерал демократик партияси депутати Нодир Жумаев билан шулар ҳақида гаплашамиз. 

ИҲТнинг Ўзбекистон учун аҳамияти қандай?

– ИҲТ саммити жуда ҳам муҳим бир тадбир. Сабаби биз дунёда бўлаётган ҳолатларни кўряпмиз, яъни дунёда кечаётган иқтисодий ва сиёсий таҳликали вазиятда Ўзбекистоннинг танлаган йўли битта. У ҳам бўлса, Ўзбекистон миллий манфаатига хизмат қиладиган барча ташкилотлар билан мулоқотда бўлиб, муносабатларни янада яхшилаш. Саммитда қарийб 8 млн квадрат километр ҳудудда ярим миллиард аҳолиси бор 10 та аъзо давлатларнинг 9 таси иштирок этди.Ташкилот аъзоларининг ялпи ички маҳсулот ҳажми умумий ҳисобда 2,5 трилион долларга яқин. Шу рақамларнинг ўзи ҳам бу ташкилот салоҳияти юқорилигини кўрсатади. Агар биз Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлган 1992 йилдан шу кунгача таҳлил қиладиган бўлсак, жуда кўплаб ўзгаришларни кўришимиз мумкин. 

Масалан, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташкилотдаги позицияси анча мустаҳкамланди, ташкилот аъзолари билан алоқалар 2 баравар ошди. Мисол учун, 2022 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистон қарийб 12,5 млрд долларлик ташқи савдони бевосита шу ташкилот аъзолари билан қилган ва бу 2017 йилга қараганда қарийб 2,5 баравар ошган. Кўриниб турибдики, ташкилот биз учун жуда ҳам катта бозор ва жуда ҳам кўп имкониятлар эшиги. 

Ташкилотнинг асосий йўналишлари ҳақида нима дея оласиз?

– Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг йўналишлари кўпроқ ташқи савдони ривожланиши, транспорт-логистика, инфратузилма соҳаларида кўзга ташланади. 

Айтиш жоизкий, айнан транспорт-логистика йўналишидаги бир қатор муаммоларни ечими сифатида Президентимиз таклиф қилган бир қанча йўналишлар бор. Булар Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон орқали, Ўзбекистон-Афғонистон-Эрон орқали, Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон орқали ва мана ҳозир янги йўналиш Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон ва Туркия орқали логистика йўналишини яхшилаш режалаштирилмоқда. 

Шу ўринда яна бир савол – ташкилот фаолиятида Ўзбекистон қандай ташаббуслар билан чиқмоқда?

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2022 йилдан бери ИҲТга ном бериш бошланди ва ўша йил Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили деб аталди. Бежизга бу ном танланмади, сабаби ўзаро ишонч, ўзаро ҳамкорлик, ўзаро тинчлик ҳозирги кунда энг муҳим йўналиш ҳисобланади. 

Сир эмас, Ўзбекистонда сўнгги йилларда инвестицион муҳит тобора яхшиланиб бормоқда. Бунинг асоси сифатида Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясини айтиш мумкин. Агар таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозирги кунда ИҲТга аъзо давлатлар билан Ўзбекистонда қарийб 4,5 мингдан ошиқ қўшма корхоналар фаолият юритаётгани ҳар икки томон манфаатларига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, гуманитар инновация, туризм соҳаларида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Шаҳрисабз шаҳрини ИҲТнинг туризм пойтахти деб эълон қилиниши ҳам бежизга эмас. Биргина шу мисол орқали Ўзбекистонга нисбатан ҳурмат, ишонч кучаётганини кўришимиз мумкин.

Бир нарсага алоҳида эътибор қаратишимиз керак. ИҲТ ўз олдига қўйган барча мақсадлар аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий, саноат ва инвестицион коперацияни яхшилашга қаратилган.

Туркманистонда бўлиб ўтган саммитда айнан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аъзо давлатларда саноатни ривожлантириш, иқтисодий салоҳиятни ошириш бўйича Тошкентда саноат марказини ташкил этиш  ғояси илгари сурилган эди. Ҳозирда мазкур таклиф ижроси юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир мисол, Президентимиз экология муаммолари бўйича олдинги саммитларда ҳам, Тошкентдаги саммитда ҳам бир неча бор тўхталиб ўтдилар. Натижада ИҲТ аъзолари ўртасида экология бўйича ҳам кўплаб меморандумлар имзоланмоқда. 

Ўзбекистон мезбонлик қилгандан кейин ташкилот фаолиятида силжиш бўладими?

Албатта ташкилот олдида қилиниши керак бўлган ишлар ҳали жуда кўп. Тошкентда ўтган саммитда давлатимиз раҳбари берган таклифлар, ғоялар, ташаббуслар бевосита иқтисодий салоҳиятни оширишга қаратилган. Кўраяпмиз, бугун дунё давлатлари турли гуруҳларга, ташкилотларга бўлиняпти. Бу даврда ИҲТ нуфузининг ошиши барча учун манфаатли ҳисобланади.

Карим Зарипов тайёрлади 

    Бошқа янгиликлар