АсосийMutolaa

Азиз Несин. Дарди бедаво (ҳикоя)

'Азиз Несин. Дарди бедаво (ҳикоя)'ning rasmi

Тоғамни негадир жиним ёқтирмасди. Чунки у ўтакетган хасис одам эди. Савдо-сотиқ билан шуғулланиши, мол-мулки етарли бўлишига қарамай, ночоргина турмуш кечирар ва ҳамма нарсадан нолиб юрарди. Одамлар уни бечораҳол, бутун бойлиги ҳам шу кичиккина уй ва каталакдек дўкондан иборат бўлса керак деб ўйлардилар…

Тоғам ҳеч вақт машинага чиқмасди. Арзон матолардан тикилган либослар кийиб юрар, уй харажатларида ҳам зиқналик қиларди. Агар у оғир дардга дучор бўлмаганида бунчалик бадавлат ва пулдор эканлигини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Касалланиб, докторлару дори учун пулни барги хазондек соча бошлагач, коса тагида ним коса борлиги маълум бўлди.

Тоғамнинг касаллиги ҳам иши каби сирли эди. Дастлабки кунлари нақ киндигининг остида оғриқ турди. Докторлар қанчалик текширишмасин, касалини аниқлай олишмасди. Албатта, тоғамнинг ўзи ҳам қайси жойи оғриётганлигини тузукроқ тушунтиролмас, мужмал дардини таърифлашдан ожиз эди. У шундай дерди:

— Гўё қорнимнинг ичига ўн-ўн бешта иту мушук қамалгану улар бир-бирига чанг солиб, ўзаро ғажишаётгандай…

Албатта, докторлар тоғамнинг гапларига кулишар, уни масхара қилишарди. Тўғри-да, одамнинг қорни чиқиндилар қутиси эмаски, унга иту мушуклар йиғилиб, бир-бирига чанг солса… Кошки эди тоғамнинг дарди чинданам шу бўлса. Бу касални даволаш жуда осон кўчарди. Муниципалитет ходимларидан бирини чақирсак бас, бир парча заҳарланган гўшт билан иту мушукларни даф қилиб, тоғамнинг дардига дармон бўларди.

Шаҳарда тоғам ҳузурига бормаган бирорта ҳам шифокор қолмаганди. Аммо уларнинг ҳеч қайсиси унинг касалини аниқлай олмади. Орадан бир оз вақт ўтгач, мамлакатимизга чет эллик бир профессор келганини эшитиб қолдик. Тоғам билан бирга унинг ҳузурига бордик. У диққат билан текшириб кўргач, шундай деди :

— Бу киши саратон бўлган… Ўсимта — меъдада, унинг қоринга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Шундан кейин у қориннинг ички тузилиши, меъда, ичак-чавоқлар, ўт пуфаги, йўғон ичак ва ингичка ичак, жигар, буйрак ва ҳоказолар ҳақида ярим соатча ваъз ўқиди. Мактабда ўн бир йил ўқиган бўлсам ҳам, тўғриси, унинг гапларидан ҳеч вақони тушунмадим. Икки-уч йил эски мактабга қатнаган тоғам ҳақида айтиб ўтирмасак ҳам бўлади.

Жаноб профессор илмий ваъзлари сўнгида шундай дедилар:

— Тоғангизнинг меъдалари осилиб қолган. Энг охирги муддатдан ҳам уч соатча ўтибди. Тезда операция қилиш керак…

Тоғамни дарҳол касалхонага етказдик. Икки-уч кундан кейин у операция қилинди. Амалиёт пайтида докторга ёрдамлашган ассистент менга бу ҳақда шундай ҳикоя қилиб берди:

— Профессор тоғангизнинг қорнини ёриб, ошқозонини кўрди. У тамомила соғлом экан. Докторнинг ўзи ҳам таажжуб билан ҳозиргача қанча-қанча операциялар қилганлигини, аммо бундай соғлом меъдани кўрмаганлигини тан олди. Лекин қоринни ёриб қўйган, олинган пулни ҳалоллаш лозим эди. Меъданинг ярмини шартта кесиб ташлашга мажбур бўлди. Мен унга “жон профессор, меъда соғлом бўлса, нега унинг ярмини кесасиз?” деб ҳар қанча эътироз билдирмай, қулоқ солмади. Бунга жавобан нима дейди денг:

— Ҳа, меъда ҳозирча соғлом ва нуқсонсиз. Аммо операция қилмасак, келгусида албатта саратон бўлади, — дейди.

Тоғамни яримта ошқозон билан уйига олиб келдик. Аммо аввалги дарди уни яна безовта қила бошлади. Тикилган жойлари ҳали тузалмасдан бошқа бир ички касалликлар мутахассиси ҳузурига олиб бордик. Бу докторни шунчалар таърифлашдики, асти қўяверасиз, ҳатто касалларни ўлимидан 24 соат кейин ҳам тирилтира олади, дейишди муболаға билан. Миш-мишлар тўғрига ўхшаб қолди. Тоғамни текшириб кўриши биланоқ буйраклари ишламаётганлигини аниқлади. Дард ва безовталиклар сабаби ҳам шу эмиш, ҳатто рентген тасвирига ҳам ҳожат қолмади.

— Тезда буйракларни операция қилиш керак, — деди у қатъий.

Тоғажонимизнинг қорнини иккинчи марта ёриб кўрдилар. Бу врач ҳам соппа-соғ буйракларни кўриб, ҳайрат билан шундай дебди:

— Бу қадар соғлом буйракларни ҳеч ким кўрган эмас. Биттаси ҳам бу кишига етиб ортади…

Ассистенти бунга эътироз билдирибди:

— Жаноб доктор! Соппа-соғ буйракни олиб ташлагани қандай қўлингиз боради? Қаранг, Гринвич соатидай ишлаб турибди-я…

Аммо мутахассис доктор бунга қулоқ солмабди.

— Яхши йигит, — дебди у, — наҳотки шуни ҳам тушунмасангиз. Агарда биз бу буйракни кесиб олмасак, бемор операция қилганимизга ишонмайди, пулимни бекорга олишибди, деб ўйлайди. Қўлимизда далил бўлиши учун битта буйракни, албатта, олишимиз керак…

Хуллас, тоғамнинг битта буйрагини олиб ташлашди. Қолган буйраги билан уйига қайтди. Амалиёт пайтида ўлиб қолмаганига ҳар куни минг марта худога шукур қиларди. Ҳатто анчагина пул сарфлаб, касалхонанинг қоровулидан бошлиғигача газета орқали миннатдорчилик билдириб чиқди.

Афсуски, операция ҳам, докторларга ташаккур ҳам тоғамнинг дардини енгилламади. Оғриқ кундан-кунга зўрайиб борарди. Танишларимиздан бири шундай деб қолди:

— Мен 16 марта операция бўлганман. Аъзои баданимни бурда-бурда қилиб, қайтадан тикканлар. Аммо то Салим деган доктор ҳузурига бормагунимча дардимга дармон тополмадим. Фақат у мени қутқарди.

Тезда тоғамни Салим докторга олиб бордик. Бўлган воқеаларни унга гапириб бергандик, истеҳзо билан жилмайиб деди:

— Касалингизни аниқлай олишмапти. Сизнинг ичакларингиз тугулиб қолган!

Ҳаммадан кўра бу гап менга маъқул келди. Чунки тоғам шу қадар хасис эдики, сарф-харажат камроқ бўлиши учун ўз ичакларини тугиб қўйишдан ҳам тоймасди.

Тоғамнинг қорнини учинчи марта ёрдилар… Доктор соппа-соғ ичакларни кўриб, бармоғини тишлаб қолди. Амалиёт анжомларини четга улоқтириб, ичакларни маҳлиё бўлиб томоша қила бошлади. Сўнгра таҳсин-офаринлар билан шундай деди:

— Бу қанақа ичаклар бўлди-а? Умрим бино бўлиб бунчалик узун ичакни кўрмаганман. Гўё етти кишига етадиганини табиат саховат билан бу одамга ато этгандай…

Доктор ичакларда тугилиб қолган жойни тополмагач, шундай дебди:

— Қоринни очдикми, энди озгина бўлса ҳам ичакдан қирқиб олайлик.

Гарчи амалиётдан кейин тоғамнинг ичаклари оддий одамларники билан баравар бўлиб қолган бўлса ҳам, касаллиги баттар зўрайди…

Ўша кунлари газетада бир эълон ўқиб қолдик. Унда шундай деб ёзилганди: “Германияда таҳсил олган доктор… кўп йиллар мобайнида у ердаги … касалхонасида бош врач ўринбосари бўлиб ишлаган, ҳозир ватанига қайтиб, Анқарада хусусий шифохона очган…”.

Тоғамни кўп машаққатлар билан Анқарага олиб бордик. Германияда таҳсил олган врач барча саргузаштларимизни эшитгач, бироз ўйлаб турди-да, шундай деди:

— Докторлар бу кишининг касалини аниқлай олмапти. Тоғангизнинг жигари оғриган…

Тоғамнинг қорни яна бир марта йиртилди… Аммо унинг жигари ёш спортчи қизнинг жигаридан ҳам соғлом экан. Қоринни беҳудага тикмаслик учун кўричагини кесиб олишди.

Бу амалиётдан кейин тоғамнинг дарду азоблари яна зўрайди. Кимки “фалон жойда яхши доктор бор экан” деса, ўша заҳоти югуриб кетарди. Ўнлаб дори-дармонлар, неча-неча амалиётлар жонига ора кирмади, касаллиги кундан-кунга кучайиб бораверди.

Пулни жонидан ҳам яхши кўрадиган тоғамдек бир одам қандай қилиб шунча харажатга рози бўлганлигига ҳозиргача ажабланаман. Баданидаги барча ички аъзолар амалиёт қилинганди. Иккита бўлган аъзосидан биттаси қолган, баъзилари қисқарган, ортиқчалари эса кесиб ташланганди. Агар илгари вазни 65 килограмм бўлса, аъзоларини олиб ташлайверганлари сабабли 38 килограмм бўлиб қолганди. Шундай бўлса ҳам ҳаётдан умид узмас, кимки “фалон жойда фалон доктор бор” деса бас, шу заҳоти югуриб кетарди. Бу сафар у бир чет эллик доктор ҳузурига борди. У тоғамнинг ғаройиб саргузаштларини тинглаб, ачиниш билан деди:

— Афсус, барча аъзоларингизни беҳуда операция қилишибди. Сизнинг дардингиз томоқдаги бодомчалар билан боғлиқ.

Тоғамнинг ўрнига мен эътироз билдирдим:

— Жаноб доктор, оғриқ нақ киндикнинг остида-ку, у қандай қилиб бодомчаларга боғлиқ бўлсин?

Докторнинг жаҳли чиқиб кетди. Асабийлик билан жавоб берди:

— Ахир мен докторман, биламан… Укажон, бодомчалар аслида бадандаги муҳим аъзолардан бири. Уларнинг асосий вазифаси барча органларнинг фаолиятини тартибга солиб туришдир. Айниқса, тоғангизнинг операция қилинмаган аъзоси қолмагани учун бодомчаларнинг аҳамияти ошиб кетган. Оғриқлар сабаби ҳам, шубҳасиз, ана шу… Бодомчаларни олиб ташлаймиз. Агар бу ҳам ёрдам бермаса, бошқа бирор йўлини қидириб кўрармиз!

Тоғамнинг томоғидаги бодомчаларни ҳам олиб ташлашди. Аммо оғриқ яна йўқолмади. Шубҳам тўғри чиқди, касаллик сабаби уларда эмас экан. Ҳадеб кесиб тикаверганлари учун тоғамнинг бадани балиқчиларнинг тўрига ўхшаб қолганди. Амалиёт пайтида жарроҳлик асбобларини ишлатишга ҳам эҳтиёж қолмаганди. Докторлар тикилган жойларни тортсалар бас, тоғамнинг қорни дастурхондай очилиб қоларди!

Аслини олганда, бу тоғам учун фойдали ҳам эди, чунки аввалгидек тиғ зарбидан азоб чекмасди. Баъзида эса қаттиқроқ йўталса ҳам тикилган жойлари очилиб кетарди. У гоҳида алам билан:

— Нега оллоҳ таоло инсон вужудини соддагина қилиб яратмаган экан, — деб қоларди. Агар ўшандай бўлганида докторлар қўлларини одамнинг қорнига тиқишарди-ю, бор нарсани ташқарига олиб чиқишарди.

Тоғам бечора телба-тескари гаплар ҳам айтадиган бўлиб қолганди.

Докторлардан бири тоғамнинг баданида амалиёт орқали пул ишлаб оладиган ҳеч вақо қолмаганлигини кўриб, шундай деди:

— Сиздаги барча дарду азоблар боиси бизларнинг яхши ишламаслигимизда. Гавдангизда гормонлар миқдори камайиб кетган, тезда даволаш зарур. Гормонлар фаолиятини яхшилаш учун жинсий безлардан бирини олиб ташлаш керак.

Мен яна эътироз билдиргандим, тоғамнинг ўзи рози бўлиб деди:

— Жаноб доктор, иложи бўлса иккаласини ҳам олиб ташланг, бир йўла хотиржам бўлай.

Аммо доктор бунга рози бўлмади, фақат биттасини олиб ташлади…

Афсуски, тоғамнинг касаллиги бу билан ҳам тузалмади. У аста-секин умидсизликка туша бошлади:

— Энди ўлимдан бошқа чора йўқ…

Аммо одамлар тинч қўйишмасди. Ҳар куни унга юзта янги докторни таништиришарди. Менинг ташвишим эса кундан-кунга ортиб борар, ҳар сафар тоғамнинг яримжон гавдасини минг машаққат билан у хонадан бу хонага кўтариб борардим.

Докторлардан бири ғалати фикрни айтиб қолди. У олдинги врачларнинг беҳуда операцияларидан афсусланиш билан анчагина оҳ-воҳ қилиб тургач, шундай деди:

— Тоғангизнинг касаллиги сабаби оёқлари бармоғида пайдо бўлган қадоқларда…

Мен беихтиёр бақириб юбордим:

— Жаноб доктор, нақ киндигининг остидаги оғриқ қандай қилиб оёқдаги қадоқларга боғлиқ бўлсин?

Доктор хотиржамлик билан жавоб берди:

— Бадандаги барча аъзолар бир-бири билан боғлиқ. Масалан, тишингиз оғриганда бутун гавдангизда оғриқ турмайдими? Албатта бошдан-оёғингизгача зирқиратади…

Мавзу илмий бўлгани учун ортиқча эътироз билдиришга ўзимда журъат топмадим. Жаноб доктор ҳам тоғамнинг оёғидаги қадоқларни кесиб ташлади. Аммо бу амалиёт унинг чўнтагига келтирган фойдани ҳисобламаганда, тоғамнинг касалига заррача ҳам таъсир қилмади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан барча врачлар рўйхатини олдириб келдик. Текшириб кўрганимизда тоғам ҳузурига бормаган фақат иккита доктор қолганлиги маълум бўлди. Улардан бирини қидириб топдик. У тоғамнинг касаллиги тарихини эшитгач, кўзлари олайиб кетди. Шунча жарроҳлик операциясидан кейин тоғам қандай тирик юрганлигига ҳайрон бўлиб қолди. Афсусланиш билан бош чайқаб деди:

— Докторлар ноинсофлик қилишибди. Уларнинг барча иши беҳуда бўлган, оғриқлар эса тишларингиз билан боғлиқ…

Чиқмаган жондан умид деганларидек, тоғамнинг барча тишларини суғуртирдик. Аммо фойда бермади.

Энди тоғам овқат ҳам еёлмай қолганди. Икки қўллаб маҳкам ушлаб турмасак, осмону фалакка парвоз қилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бир куни тоғам шундай деб қолди:

— Барча бойлигимдан қолган охирги пулларни бирорта чет эллик врачга харж қилмоқчиман.

Тоғам билан Парижга йўл олдик. У ерда ҳеч бир танишимиз бўлмагани учун кўчадаги эълонлардан тўғри келган бир шифокорнинг адресини топиб, ҳузурига бордик. Парижлик врач сўзларимизни диққат билан эшитди. Сўнгра синчковлик билан текшириб чиққач, деди:

— Сизнинг ҳеч бир касаллигингиз йўқ. Барча операциялар нотўғри қилинган. Бундан кейин шимингизга камарни қисиб боғламанг. Яхшиси, елкага осиладиган тасмалардан фойдаланинг…

Шу ишни қилган эдик, мўъжиза рўй бериб, тоғамнинг барча дарду азоблари бир зумда йўқолди. Париждан қайтганимизда у тамоман тузалган, аммо пуллари ҳам тугаган эди. Энди асосий касаллиги пулсизлиги бўлиб қолганди. Барча бойлигини докторларга сарфлаганини эслаб, оҳ чекарди. Олти ойдан кейин бу азоблардан мангуга қутулди. Пулсизликдан ўлдими ёки устма-уст операциялар туфайли вужудининг ярми олиб ташланганлигидан ўлдими, билмадим. Аммо шуни аниқ биламанки, бунча амалиётдан кейин бирор банданинг тирик қолиши гумон.

Туркчадан Носир Муҳаммад таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар