АсосийJamiyat

Педагогларни 3 йил куттирган қонундан қайси имтиёзлар “тушиб” қолган?

'Педагогларни 3  йил куттирган қонундан қайси имтиёзлар “тушиб” қолган?'ning rasmi

Хабарингиз бор, 2024 йил 1 февраль куни “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ундаги педагоглар учун энг асосий ўзгаришлардан бири – энди мактабга янги ишга кирган шахсларга мураббийлик қилган педагогларга қўшимча ҳақ тўланади. Яъни Мактабларда илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсларга бир ўқув йили даврига мураббийлик (устозлик)ни амалга оширувчи педагог ходим бириктирилади. Мураббийликни (устозликни) амалга оширганлиги учун педагог ходимнинг базавий лавозим маошига қўшимча ҳақ тўланади.

“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган айрим бандларни кўздан кечирадиган бўлсак, баъзи нормалар ўзи шундоқ ҳам қонунчиликда мавжуд эканлигини кўришимиз мумкин.

Мисол учун:

Педагоглар мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга ­мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этилиши — ушбу қоида Президентнинг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сонли Қарорида назарда тутилганди. Фақат ижроси таъминланмаган.

Педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш — бу эса Президентнинг 2018 йил 14 августдаги ПҚ-3907-сонли Қарорида белгиланган.

Давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш — ушбу қоида Меҳнат кодексининг 360-моддаси билан мустаҳкамланган. Фақат у ишламаётганди, холос. 

Педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши — бу ҳам амалиётда мавжуд. 

Таълим ташкилоти ходимларига қисқартирилган иш вақти белгиланиши — Меҳнат кодексининг 184-моддасида мавжуд.

Педагогларга 56 календарь кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил берилиши ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сонли қарори билан тартибга солиб бўлинган.

Олис ҳудудлардаги мактабларга бошқа ҳудуддан бориб ишлайдиган педагог ходимларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик учун бериладиган қўшимча компенсация тўлаб бериш тартиби Президентнинг 2021 йил 11 январдаги ПҚ-4940-сонли Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 471-сонли қарори билан тартибга солинган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида ўқитувчиларни навбатчиликка жалб қилишни қонун билан буткул тақиқлаш таклиф этилганди. Тасдиқланган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда эса ушбу банд чиқариб ташланган. Албатта мактабни қўриқлаш, ўқувчиларни қувиб юриш, фуқароларни мактаб ҳудудига кириш-чиқишини назорат қилиш педагогнинг вазифаси бўлмаслиги керак. Жуда кўп ташкилотларда бунинг учун қўриқлаш хизматидан ходим жалб этилади. Мактабларда эса йўқ. Аслида норматив ҳужжатлардаги ўқитувчининг лавозим мажбуриятларида ҳам навбатчилик ҳақида ҳеч қандай шарт келтириб ўтилмаган. Бунинг учун қўшимча ҳақ ҳам тўланмайди.

ЎЗИ НИМАЛАР КУТИЛГАНДИ?

Бу саволга жавоб бериш учун муҳокамадан ўтмаган эски таҳрирдаги “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунни эслаш керак бўлади.

Яъни юқорида таъкидлаганимиздек, 2020 йил 28 ноябрь куни “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилинганида унда педагогларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган жуда катта имтиёзлар пакети тақдим қилинганди. Вақт ўтиб, лойиҳа депутат ва сенаторлар томонидан муҳокама қилиниши жараёнида ундаги жуда кўп нормалар олиб ташланди.

МАСАЛАН, қонун лойиҳасининг энг биринчи таҳририда у 32 моддадан иборат бўлган бўлса, Қонуннинг тасдиқланган вариантида атиги 21 та модда қолдирилган. 

✔ Байрам (ишланмайдиган) кунлари муносабати билан бир базавий лавозим маоши миқдорида мукофотлар;

✔ узайтирилган таътил берилганида, календарь йилда бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам;

✔ табиий иқлим шароити ноқулай бўлган ҳамда республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида, қишлоқ жойларида ишлайдиган педагог ходимларга бюджет маблағлари ҳисобидан коммунал тўловларни тўлаш учун компенсация тўлаш;

✔ педагог ходимнинг кўп йиллик хизмати учун 15 фоиздан - 40 фоизгача устама тўлаш;

✔ камида 15 йил иш стажига эга педагог ходимга йилда бир марта давлат соғломлаштириш муассасаларида соғлиғини тиклаш учун бепул йўлланма бериш;

✔ табиий иқлим шароити ноқулай бўлган ҳамда республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида жойлашган мактабларда ишлайдиган педагог ходимга янги турар-жой қуриш ёки сотиб олиш учун давлат томонидан имтиёзли ипотека кредити ажратиш;

✔ педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун тузилган шартномалар бўйича унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағлар суммаси педагог ходимнинг даромади сифатида қаралмаслиги;

✔ малака тоифасига эга бўлган педагогларга 20 фоиздан - 50 фоизгача қўшимча устама тўлаш;

✔ мактаб раҳбар ходимларига 20 фоиздан - 30 фоизгача бўлган қўшимча устамалар тўлаб бериш;

✔ педагог ходимининг базавий лавозим маоши базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланганди.

Юқорида санаб ўтилганлар эски таҳрирдаги Қонунда муҳокамадан ўтмаган ва олиб ташланган. Аслида педагоглар ана шу имтиёзлар пакети берилишини кутганди. 

Тақдим этилган таҳлилллар Ўзбекистондаги барча таълим аҳлини ўйлантирган бўлиши мумкин. Муҳокамалар жараёнида олиб ташланган имтиёзли пакетлар масаласи бўйича педагогларнинг ўзи нима дейди? Бу борадаги фикр-мулоҳазаларингизни изоҳларда ёзиб қолдиришингиз ёки (+998 95) 194-64-16 рақами орқали қўнғироқ қилиб ёки шу рақам орқали телеграм манзилга  юборишингиз мумкин. Сизни қизиқтирган саволларга қонун ташаббускорларидан ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз. 

 

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар