Швейцариянинг Женева шаҳрида адлия вазири ўринбосари М.Икрамов ҳамда Буюк Британия Интеллектуал мулк идораси бош директори Адам Уилямс интеллектуал мулк ҳуқуқлари соҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолади.
Меморандум 2024 йилнинг 9-17 июль кунлари Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) аъзо давлатлар Бош ассамблеяси йиғилишининг 65-сессияси доирасида тузилди.
Буюк Британиянинг Интеллектуал мулк идораси Фан, инновация ва технологиялар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган бўлиб, БИМТ билан тўғридан тўғри фаолият олиб борувчи махсус патент идораси ҳисобланади.
Идора интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг муҳофаза этилишини таъминлаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ интеллектуал мулки соҳасидаги давлат сиёсатини юритишда таклифлар ишлаб чиқиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ахборот фаолиятини амалга ошириш, мутахассисларни тайёрлаш (қайта тайёрлаш) ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш каби вазифаларни амалга оширади.
Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум қонунчилик соҳасида маълумот алмашиш ҳамда интеллектуал тизимдаги ривожланиш тенденциялари, интеллектуал мулк объектларини муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда кадрларни семинар-тренинглар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкиллаштирган ҳолатда қайта тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишни назарда тутади.






