Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқишни назарда тутувчи “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегияси лойиҳаси билан танишди. Қайд этилишича, мазкур ҳужжат мамлакатда биринчи бор ёшлар сиёсатига оид яхлит ва узоқ муддатли ёндашувни белгилаб беради.
Стратегияда ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, сифатли таълим ва хорижий тилларни оммалаштириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, саломатлик ва ижтимоий фаолликни ошириш каби устувор йўналишлар белгиланган.
2030 йилгача ҳар йили 600 минг ёшни иш билан таъминлаш, 900 минг нафар ёшни волонтёрликка жалб этиш, 450 минг ёшнинг хорижий тиллар даражасини B2 босқичига етказиш каби аниқ мақсадлар қўйилган. Шунингдек, ипотека дастурлари орқали ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ва чекка ҳудудларда таълим имкониятларини кенгайтириш чоралари назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, стратегия доирасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, нуфузли хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни тайёрлаш ва уларнинг глобал дастурларда иштирокини таъминлаш режалаштирилган.






