Куни кеча хитойлик онколог-хирург бемордан 5000 километр узоқликда туриб, унинг ўпкасидаги хавфли ўсмани олиб ташлаш бўйича мураккаб операцияни муваффақиятли бажарди, дея хабар бермоқда ССВ Матбуот хизмати.
Синьцзян-Уйғур автоном районида яшовчи беморда онкологик жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурати туғилди, аммо маҳаллий шифохонада етарли малакага эга мутахассислар бўлмаганлиги туфайли бунинг учун Хитойнинг "MEDBOT" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган робот-жарроҳдан фойдаланишга қарор қилинди.
Операция Шанхай шифохонаси онкология бўлими илмий раҳбари ва етакчи жарроҳи Ло Цинцюань томонидан ўтказилди. Бемор ва хирургни 5 минг километр масофа ажратиб турганига қарамай, 5G алоқа тизими орқали роботни бошқариш давомида сигнал узатилишида узилиш ёки кечикишлар деярли кузатилмади.
— Робот жарроҳлиги — энг илғор кам инвазив технологиялардан бири бўлиб, унинг ёрдамида бажариладиган операциялар юқори аниқлик ва асоратлар хавфи минималлиги билан ажралиб туради. Бунинг натижасида беморларнинг жарроҳлик амалиётидан кейинги тикланиши тезроқ кечади, — деди Ло.