2023 йилда Халқаро Валюта Фонди олиб борган баҳолаш натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг номинал ЯИМ ҳажми 125,6 триллион сўм (10,7 миллиард АҚШ доллари)га ошиб, 1 192,2 триллион сўм (101,6 миллиард доллар)ни ташкил этди.
Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган "Ўзбекистондаги норасмий ва яширин иқтисодиётни статистик баҳолаш натижалар" мавзусидаги халқаро давра суҳбатида маълум қилинди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хақимов, тадбирни очиб, иштирокчиларни Ўзбекистонда иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилди. У норасмий ва яширин иқтисодиётни статистик баҳолашни мавжуд салоҳиятни аниқлаш ва самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқиш учун муҳим инструмент сифатида таъкидлади.
"Бу тадқиқотлар фақатгина иқтисоднинг ҳозирги ҳолатини тушунишга ёрдам бермай, балки норасмий секторни легализация қилиш ва расмий иқтисодиётга интеграция қилиш учун шароит яратишга ҳам хизмат қилади", – деди марказ директори.
Мутахассислар томонидан норасмий иқтисодиётнинг кенг қамровли йўналиш эканлиги қайд этилди. Норасмий ва яширин секторларни инобатга олган ҳолда макроиқтисодий кўрсаткичларни қайта ҳисоблаш натижасида мамлакат иқтисодиётининг тармоқлар бўйича таркибидаги ўзгаришлар муҳокама қилинди.
"Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида, бу эса узоқ йўл. Биз ўзбек ҳамкасбларимизга статистик ҳисоб-китоб ва таҳлил соҳасида кўмак беришга тайёрмиз. ХВЖ экспертлари томонидан тақдим этиладиган техник кўмак биз учун ҳам манфаатли, чунки бу мамлакатдаги статистика ҳолати ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш имконини беради. Бунинг асосида, иқтисодий ривожланиш динамикасини кузатиш имконига эга бўламиз", деди Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе.
Реал сектор статистикаси бўйича Халқаро валюта жамғармаси мутахассиси Леван Гогоберишвили ўз видео мурожаатида ХВФнинг миллий ҳисоблар статистикаси бўйича Ўзбекистонда ўтказилган техник ёрдам миссиялари натижалари бўйича қисқа хулосаларни тақдим этди.
Мутахассис кузатилмайдиган иқтисодиётни ҳисобга олган ҳолда миллий ҳисобларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади, статистик маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш ва иқтисодиётнинг ҳолати ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлиш муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, мутахассис 2019 йилда Ўзбекистон миллий ҳисоблари кўрсаткичлари бўйича ўтказилган олдинги қайта кўриб чиқиш натижасида асосий ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги маълумотларига тегишли бўлганини таъкидлади. 2024 йилдаги қайта кўриб чиқиш давомида эса асосий ўзгаришлар кузатилмайдиган иқтисодиёт элементларига тегишли бўлган. Бу соҳаларга қурилиш, меҳмонхоналар ва ресторанлар, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқалар киритилган.
Экспертга кўра, қайта баҳолашлар натижасида номинал ЯИМ даражаси тахминан 10-12 фоизга ошади. Шу билан бирга, реал ЯИМ ўсиш суръатининг максимал ўзгариши тахминан 0,8 фоиз пунктгачани ташкил этади. "Шунинг учун, бу маълумотларнинг эълон қилиниши миллий ҳисоблар кўрсаткичлари сифатининг сезиларли яхшиланишини таъминлайди", - деди Гогоберишвили.