АсосийДунё

Европа Россияга қарши санкцияларни кенгайтиряпти: мамлакат бюджети оғир босим остидами?

2024 йилда Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкция босими сиёсатини давом эттирмоқда.

'Европа Россияга қарши санкцияларни кенгайтиряпти: мамлакат бюджети оғир босим остидами?'ning rasmi

Москванинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларига жавобан юритилаётган коллектив сиёсат натижаларидан бири ҳисобланади. Чунки Европа Иттифоқи бу урушни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши, деб ҳисоблайди. Шу боис, мазкур янги санкцияларни Кремлга иқтисодий ва сиёсий босимни кучайтиришга қаратилган кенгроқ чора-тадбирлар пакетининг бир қисми, дейиш мумкин.

Санкциялар режими сақлаб қолинди

2024 йил июл ойида Европа Иттифоқи Россияга қарши амалдаги санкцияларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва кенгайтиришини расман эълон қилди. Хусусан, Европа Иттифоқи Кенгаши Россияга нисбатан 2014 йилдан бери жорий қилинган барча чекловчи чоралари муддатини олти ойга - 2025 йилнинг 31 январигача узайтирган.

Мазкур чора-тадбирлар савдо, молия ва Россия ҳукумати билан боғлиқ шахсларга чекловларни ўз ичига олади. Санкцияларнинг муҳим жиҳатларидан бири – санкцион “қора” рўйхатга янги шахслар ва компанияларнинг қўшилиши бўлди. Бу эса мазкур шахс ва ташкилотларнинг Европа Иттифоқидаги молиявий активлари музлатилиши ва уларнинг Евроиттифоққа аъзо мамлакатларга кириши тақиқланишини англатади.

Санкцияларнинг асосий мақсадлари

Россияга қарши эълон қилинган санкциялар турли соҳа ва омилларни қамраб олган ва аниқ бир тизимга солинган. Бу чора-тадбирларнинг асосий мақсадлари ҳам аниқ...

Технологиялар экспортига қўйилган чекловлар

Янги санкциялар юқори технологияли маҳсулотлар экспортига, айниқса, энергетика ва ҳарбий технологиялар каби соҳаларга нисбатан қаттиқ чекловларни ўз ичига олади. Европа Иттифоқи ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган техника ва технологиялар экспорти устидан назоратни борган сари кучайтирмоқда. Мисол учун, икки хил мақсадли – ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий мақсадларда қўллаш мумкин бўлган технологияларни етказиб беришга тўлиқ эмбарго қўйилди.

Молиявий чекловлар

Россияга қарши санкциялар молия секторига ҳам тегишли, албатта. Жумладан, Россия давлат банклари ва корпорацияларини Европа Иттифоқи ҳудудида молиялаштириш тақиқланди. Бу шуни англатадики, ҳозирда Россия компанияларининг Европа капитал бозорларига кириш имконияти чекланган, бу эса мамлакат ичидаги лойиҳаларга хорижий капитални жалб этишни қийинлаштириши табиий ҳол.

Энергетика секторига чекловлар

Санкцияларнинг муҳим жиҳати - Россия энергетика секторига қарши чораларнинг кучайтирилиши бўлди. Собиқ СССР тарқалганидан бери иқтисодиёт ва саноатни тузук-қуруқ ривожлантиришнинг уддасидан чиқмаган, нефт ва газ “игнаси” (“наркоман”лигидан) қутула олмаган Россияда энергетик ресурсларни сотишдан тушадиган даромад ҳамон бюджетнинг асосий қисмини ташкил этади. Бу соҳага “зарба” бериш билан эса Россия даромадларининг тушиб кетиши, урушни молиялаштириш ҳажми ва суръатининг пасайиши, иқтисодий-ижтимоий барқарорликка путур етиб, жамиятда ҳукумат ва урушга нисбатан норозилик уйғонишини таъминлаш кўзда тутилган.

Хусусан, нефт ва газни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи рус компанияларига сармоя киритишга чекловлар жорий этилгани яхши самара бера бошлаган. Жумладан, денгиз тубидан ва Aрктикада нефт қазиб олиш учун ускуналар ва технологияларни етказиб беришни тақиқлаш бу соҳани фалажлантириб қўяди.

Индивидуал санкциялар

Россиянинг юқори мартабали амалдорлари, бизнес вакиллари ва ҳарбий хизматчилар санкцияларга дучор бўлган шахсларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритилди. Бундай қадам Россия ҳукуматини ички қўллаб-қувватлашни заифлаштиришга, мамлакат элитасини Европа молиявий ва моддий ресурсларига киришдан маҳрум қилишга қаратилгани билан диққатга сазовор.

Санкциялар самарадорлиги: иқтисодий зарар ва йўқотишлар

Европа Комиссиясининг ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Россия иқтисодиёти санкциялар оқибатида 100 миллиард доллардан зиёд зарар кўрган. Бу йўқотишлар Ғарб технологиялари ва сармояларига киришнинг чекланганлиги, шунингдек, Европага нефт ва газ экспортининг пасайиши билан боғлиқ.

Санкциялар савдо кўламига ҳам сезиларли таъсир қилди. Биргина Санкциялар режими доирасида экспорт ва импортга жорий этилган чекловлар натижасида, 2023 йилда Европа Иттифоқи ва Россия ўртасидаги савдо 2022 йилга нисбатан 30 фоизга қисқарган.

Юқорида зикр этилганидек, Россия иқтисодиётининг ўзак томири бўлган энергетик маҳсулотлар экспортидан тушадиган даромадлар пасайиши ва ташқи қарзлар билан боғлиқ муаммолар туфайли, мамлакат бюджети оғир босим остида қолди. Бунинг натижасида 2023 йилда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизидан ошиб кетди ва бу ҳукуматни ички молиялаштириш манбаларини излашга ва солиқларни оширишга мажбур қилди.

Санкцияларни кенгайтириш сабаблари

Шу ўринда савол туғилади: нега санкциялар кўлами ва муддати яна кенгайтирилди? Бу аввалги тартибнинг номукаммал эканидан дарак берадими ёки санкциялар самарасизлигини тан олиш ҳисобланадими?

Аввало, санкцияларнинг кенгайишига Россиянинг Украинадаги уруш ҳаракатларини тўхтатишни истамаётгани ва ундан олдинроқ мамлакат шарқидаги сепаратистик ҳаракатларни ҳарбий-молиявий қўллаб-қувватлагани асосий сабаб бўлганини эсга олиш лозим. Қўшимча омиллар эса Россияда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, сиёсий рақиблар ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг таъқиб этилиши билан боғлиқ.

 Шу билан бирга, Россиянинг собиқ совет республикаларига у ёки бу йўл билан босим кўрсатиб, санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам беришларига эришгани ҳам инобатга олинган. Бундай янги тизим, айниқса санкция остидаги рус шахслари ва ташкилотларига ёрдам берувчи бошқа давлат тузилмаларига иккиламчи санкциялар қўйилиши ўз самарини бермоқда.

Масалан, Хитой ва бошқа Россияга “дўст” ёки нейтрал позицияда турган давлатлардаги бизнес субъектлар ҳам “қорага яқин юрсанг, қораси юқади”, нақлига амал қилиб, рус молиявий- иқтисодий тузилмалари билан очиқ ва расмий ҳамкорликни тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

Санкциялардан кейинги Россия

Санкциялар оқибатида Россиянинг молиявий-иқтисодий қиёфаси борган сари “хунуклашиб” бормоқда. 

Энг аввало Россияда иқтисодий турғунлик бошланганини қайд этиш лозим. Янги санкцияларнинг жорий этилиши Россиянинг иқтисодий муаммоларини, жумладан, ишлаб чиқариш стагнацияси, бюджет тақчиллиги, миллий валюта қадрсизланиши ва инфляцияни янада кучайтиради. Инвестициялар ва экспорт тушумларининг камайиши иқтисодий ўсиш суръатларининг янада секинлашувига олиб келди, бу эса аҳоли турмуш даражасига салбий таъсир кўрсата бошлади. 

Ғарб технологияларига киришнинг чекланганлиги Россия иқтисодиётининг энергетика ва машинасозлик каби асосий тармоқларини модернизация қилишни қийинлаштиради. Натижада мамлакатда ўзига хос технологик бўшлиқ вужудга келади. Бу эса ўз навбатида Россия маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ёмонлаштиради. 

Санкцияларнинг узайтирилиши ва кўлами кенгайиши Россиянинг халқаро майдонда сиёсий яккаланишини кучайтиради. Бу можароларни дипломатик йўл билан ҳал қилиш истиқболларига ҳам таъсир қилади, чунки Россия Ғарб давлатларининг қўллаб-қувватлашидан мосуво бўлади.

Россиянинг жавоби

Санкцияларга жавобан Москва Европа Иттифоқидан айрим тоифадаги товарларни олиб киришни тақиқлаш ва европалик сиёсатчи ҳамда компанияларга қарши санкциялар қўллашни ўз ичига олган қарши чоралар қўлланилишини эълон қилди. Бироқ, Россия иқтисодиётининг Ғарбдан импорт ва технологияларга боғлиқлигини ҳисобга олсак, бу чораларнинг таъсири жуда кучсиз. Ғарб ҳеч нарса йўқотмаслиги мумкин, аммо яна айланиб келиб, Россиянинг ўзига зарар бўлади, яна унниг халқи жабр кўради. Бу худди ташқарисидан қулфланган катакда ўтирган одам, катакни ичкаридан ҳам қулфлаб олишига ўхшайди. 

Тўғри, аввалига Россия газига қарам Европа катта қийинчиликларга дучор бўлиши, ҳатто қишда “музлаб қолиши” башорат қилинган эди. 

Бироқ санкциялар натижа бера бошлаган 2022 йил 1 августидан бошлаб, Европа Иттифоқи табиий газ истеъмолини 15 фоизга камайтириш дастурини амалга татбиқ этди. Истеъмолчиларни алтернатив энергия манбалари, асосан, кўмир ва атом энергиясига, шу билан бирга қайта тикланувчи энергия манбалари – шамол, қуёш ва гидроэлектр энергиясига ўтказиш бошланди.

Кейинги босқичда эса Европа давлатлари асосан сиқилган газни импорт қилиш ва бошқа муқобил таъминот йўллари ёрдамида ер ости газ омборларидаги заҳирасини керагидан ортиқ миқдорда тўлдириб олди. Натижада, мана 2 йилдирки, Европада энергия тақчиллиги муаммоси кун тартибига чиқмаяпти.

Санкциялар истиқболи қандай бўлади?

Умумлаштириб айтадиган бўлсак, Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини кенгайтириши Россия иқтисодиёти ва сиёсий барқарорлигига жиддий муаммо туғдирмоқда. Шу билан бирга, бу чора-тадбирлар Европа Иттифоқининг ўз манфаатлари ва халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун иқтисодий ва сиёсий воситалардан фойдаланиш йўлидаги қатъиятини ҳам ифодалайди. Россия ва Ғарб ўртасида давом этаётган кескинлик фонида бундай санкциялар Москванинг “хулқ атвори”ни ўзгартиришга қаратилган чеклов сиёсатининг асосий элементи бўлиб қолмоқда. 

Энг муҳими, Россиянинг тарихий ва анъанавий ҳамкорлари ҳамда чегарадош қўшнилари ҳам Европа санкцияларига қўшилиш ва уларни маъқуллашга мажбур бўлмоқда. Ҳатто Россиянинг хориждаги “музлатилган” пулларидан келадиган фоиз ва бошқа шаклдаги даромадларни Украинани тиклашга қаратилган мехназмлар ҳам ишлаб чиқилиб, тасдиқланиб, амалга татбиқ этилмоқда.

Истиқболда ҳам бу санкциялар юки пасаймаслиги прогноз қилинади. Зеро, Россия урушни тўхтатган шароитда ҳам, халқаро конвенцияларга мувофиқ, Украинага келтирган зарари учун йирик контрибуция – товон пули тўлашга мажбурланади. Ҳатто бу шартни бажарган тақдирда ҳам, мамлакат ичидаги инсон ҳуқуқлари ва аксилдемократик вазият сабабли, санкциялар қисман бўлсада сақланиб қолади. Чунки дунё Россиясиз яшашга деярли кўникиб қолди. Аммо Россия бутун дунёдан иҳоталаниб, рисоладагидек яшай олмаслиги аниқ...

Абдуллоҳ Саййид

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Ўзбекистонликлар учун Германияга ишчи виза шартлари енгиллаштирилади'ning rasmi

    Дунё18.09.2024 18:30

    Ўзбекистонликлар учун Германияга ишчи виза шартлари енгиллаштирилади

    Немис иш берувчилари ўзбекистонликларни соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилади.

    'Россияда мигрантлар рус тилидан оғзаки имтиҳон топшириши мумкин'ning rasmi

    Дунё18.09.2024 18:05

    Россияда мигрантлар рус тилидан оғзаки имтиҳон топшириши мумкин

    Меҳнат муҳожирлари учун рус тили имтиҳонига оғзаки қисмни қўшиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватламоқда.

    'Макрон президентликдан четлатилиши мумкин'ning rasmi

    Дунё18.09.2024 17:04

    Макрон президентликдан четлатилиши мумкин

    Миллий ассамблея бу бўйича резолюция лойиҳасини маъқуллади.

    'Озарбайжоннинг Ағдам туманида “ақлли қишлоқ” лойиҳаси бўйича қишлоқ барпо этилмоқда'ning rasmi

    Дунё18.09.2024 10:04

    Озарбайжоннинг Ағдам туманида “ақлли қишлоқ” лойиҳаси бўйича қишлоқ барпо этилмоқда

    Мамлакат ҳудудида булутсиз кунлар сони бўйича Ағдам тумани биринчи ўринни эгаллайди.

    'Ливанда пейжерларнинг портлаши оқибатида 4 минг киши жароҳатланди, ўндан ортиқ одам ҳалок бўлди'ning rasmi

    Дунё18.09.2024 09:35

    Ливанда пейжерларнинг портлаши оқибатида 4 минг киши жароҳатланди, ўндан ортиқ одам ҳалок бўлди

    "Ҳизбуллоҳ”нинг бир неча аъзоси ҳам пейжерларнинг портлаши натижасида яраланган.

    'Украина ва Россия урушда қанча қурбон бергани маълум қилинди'ning rasmi

    Дунё17.09.2024 19:24

    Украина ва Россия урушда қанча қурбон бергани маълум қилинди

    Ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар сони бир миллион нафардан ортди.