"Маҳалла еттилиги" йўл ҳаракати қоидаларини беш ва ундан ортиқ марта бузган ҳайдовчилар билан алоҳида иш олиб боради. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг жума куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов маълум қилди.
Йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим ҳолатлари 1,1 фоизга, тан жароҳати олиш ҳолатлари 9,2 фоизга камайгани маълум қилинди. Бироқ аниқ рақамлар келтирилмади.
"Бу бизга таскинлик бермайди. Ҳар битта ўлим билан боғлиқ ЙТҲ биз жиддий ишлашимизни тақазо этади. Бугунги кунда содир этилаётган ҳар бир ЙТҲ чуқур илмий таҳлиллар асосида ўрганиляпти… Бунда бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. ЙТҲга сабаб бўлувчи омилларнинг ҳар бирини чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш билан боғлиқдир. Бу омиллардан бири йўл инфратузилмасининг талабга жавоб бермаслигидир. Буларни бартараф этиш учун алоҳида ишчи гуруҳлар тузилган. Мутасадди идоралар билан авария ўчоқлари бўлган ёки нотўғри инфратузилма оқибатида юзага келадиган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича қатор ишлар олиб бориляпти", — деди Шерзод Ибрагимов.
Тезликни ошириш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун рақамлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Автомактаблар ва имтиҳон марказларида ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратини ошириш бўйича ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланган.
"Беш ва ундан ортиқ қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни алоҳида гуруҳ қатламига киритдик. Улар билан „маҳалла еттилиги“ биргаликда мақсадли ишлаш амалиёти йўлга қўйилди. Йўлларда болалар ўлимини камайтириш мақсадида Миллий гвардия инспектор-педагоглари ва инспектор-психологлари болаларга боғча ва мактабдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини ўргатмоқда. Пиёдалар ўтиш жойларига светофорлар, мактабларда тезликни ўлчаш мосламаларини ўрнатиш ишлари изчиллик билан амалга ошириляпти", — деди у.
Эслатиб ўтамиз, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи «еттилик»га маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради. Бундан ташқари, маҳаллаларга ЙПХ инспекторлари бириктирилган.
2023 йилда Ўзбекистонда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлган ҳайдовчилар 707 та ЙТҲ содир этиб, бунда 212 киши ҳалок бўлган ва 546 киши жароҳат олган. Август ойида ЙҲХБ янги раҳбарининг Сенатда бўлиб ўтган учрашувида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарурлиги айтилганди.