Ўзбекистонда 23 сентябрь куни олтин қуйма ва эсдалик тангалар нархи янги юқори даражага етди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Бир грамм олтин таннархи 1 108 980 сўмни ташкил қилди ва 20 сентябрдаги нархга нисбатан 21,5 фоизга қимматлади. Беш граммлик олтин қуйма учун 5 миллион 545 минг сўмдан таклиф қилинмоқда.
Сентябрь ойи бошидан буён маҳаллий бозорда қимматбаҳо металнинг чакана нархи тўртинчи марта ўзининг максимал қийматини янгилади. Тўққиз ойдан камроқ вақт ичида у 30,8 фоизга ўсди.
Марказий банк маълумотларига кўра, 1 сентябрда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 39,15 миллиард долларга етди.
Олтин қуймалар нима ва улардан қандай фойдаланиш мумкин?
Олтин қуймалар — оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар. Махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажаради ва ўз серия рақамига эга бўлади.
Олтин қуймалари ҳимояланган қадоқларда сотилади ва уларни бемалол уйда ёки банкда — индивидуал банк ячейкаларини ижарага олган ҳолда сақлаш мумкин. Уларнинг нархи бир ҳафта ичида бир неча марта ўзгариши мумкин. Олтин қуймаларини фақат банкларга сотиш мумкин.
Олтинга инвестиция киритиш ишончлими?
Олтин бошқа металлар сингари гиперинфляция ва молиявий бозорлардаги глобал тартибсизлик даврида ҳам нол даражада қадрсизланмайди. Шу маънода у ҳақиқатан ҳам қимматли қоғозлар ва валютага қараганда ишончлироқдир.
Бироқ, бошқа томондан, олтин нархи жуда ўзгарувчан. Қисқа муддатга сармоя киритишга қарор қилганлар учун бундай инвестиция фойдали бўлишига кафолат йўқ. Шунинг учун қимматбаҳо металларга сармоя киритиш одатда узоқ муддатли (10-20 йил) сармоя сифатида тавсия этилади. Узоқ муддатда уларнинг қийматининг ўсиши кўпинча инфляциядан ўзиб кетади.