Витаминларнинг етарли миқдорда бўлиши инсон организми тўлақонли ишлаши учун зарур, албатта. Аммо уларнинг дозаси ошиб кетса-чи?
ССВ Матбуот хизмати ушбу саволга Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Яшин Ахматовдан жавоб ОЛИБ берди.
— У ёки бу витамин етишмаслиги авитаминоз деб аталса, унинг кўпайиб кетиши гипервитаминоз дейилади. Бу ҳолат организм заҳарланиши, ички органлар фаолияти бузилиши ва бошқа турли касалликларни келтириб чиқариши мумкин, — дейди мутахассис.
Бунда ёғда эрийдиган, аниқроғи A, D, E ва K гуруҳ витаминлари миқдорининг ошиб кетиши, айниқса, хавфли ҳисобланади. Сабаби, улар сувда эрийдиган витаминларга ўхшаб пешоб орқали чиқиб кетмай, организмдаги ёғларда парчаланади ва ёғ тўқималарида тўпланади.
Масалан, А витамини тери саломатлиги, кўриш қобилияти ва иммунитет мустаҳкамлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди. Аммо унинг ортиқча миқдори бош оғриғи, кўнгил айниши, соч тўкилиши, тери қуриши ва тирноқ мўртлашишига олиб келади.
Қолаверса, ушбу витаминни мунтазам меъёрдан ортиқ қабул қилиш жигарга зарар етказиши, суяклар мўртлиги, шу жумладан остеопорозни келтириб чиқариши мумкин. Ҳомиладор аёлларда эса бу бола туғма аномалиялар билан дунёга келиши хавфини оширади.
Ёғда эрийдиган моддалар туркумига кирувчи D витамини организмда метаболизм жараёнлари нормал кечишига ёрдам беради ва суяклар соғлом бўлишини таъминлайди. Аммо уни ҳам ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Юмшоқ тўқималар ва қон томирларининг кальцификацияси ва атеросклероз шулар жумласидан. Шу билан бирга, организмда кальций миқдорининг кўпайиши буйракда тошлар пайдо бўлиш эҳтимолини оширади.
E витамини антиоксидант хусусиятига эга бўлгани туфайли кўпинча тери ҳолатини яхшилаш ва қаришни секинлаштириш мақсадида қўлланилади. Организмда ушбу витамин миқдорининг ортиб кетиши қон ивиш жараёнини секинлаштиради, бу эса ички қон кетиш хавфини оширади. Ундан фарқли ўлароқ, K витамини дозасининг ошиши тромбоз ва бошқа қон томир патологияларини келтириб чиқариши мумкин.
Сувда эрийдиган витаминларни қабул қилишда ҳам эҳтиёткор бўлиш керак. Хусусан, C витамини, яъни аскорбин кислотасининг асосий функцияси — иммунитет тизимини мустаҳкамлаш, организмни стрессдан ҳимоя қилиш ва коллагенни синтез қилиш. Унинг гипервитаминози ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши, диарея ва метеоризмга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу ҳолат ҳам, D витамини каби, буйракда тошлар тўпланиши хавфини оширади.
B6 витамини (пиридоксин) аминокислоталар алмашинуви ва нейромедиаторлар синтезида иштирок этади. Бироқ уни узоқ муддат давомида юқори дозада қабул қилиш туфайли сенсор нейропатия — асабларнинг шикастланиши, қўл-оёқлар увишиши пайдо бўлади.
Соғлом бўлиш учун инсон организмида барча витаминлар меъёрида бўлиши керак — ундан кам ҳам, кўп ҳам эмас! Витаминларни мунтазам ичсам, ҳар қандай дарддан қутиламан, деб ўйлаш мутлақо хато. Бирон бир препаратни қабул қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарур.
Энг асосийси, саломатликни мустаҳкамлаш учун витаминларнинг ўзи кифоя бўлмайди. Бунга комплекс ёндашиш, яъни соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш ва жисмонан фаол бўлиш керак.