Ноҳақдан ҳақни ажратиш учун, аввало, икки томонни ҳам тинглаш керак. Аслида ҳам ҳақиқат баҳсларда туғилади, мулоқотларда ойдинлашади.
Хусусан, қабулларда Олий суд масъуллари кўриб чиққан 81 та масаланинг 14 таси қаноатлантирилди. Ҳар бир ариза-шикоят Олий суд, вилоят суди раҳбарлари ва мурожаатчи иштирокида очиқ-ошкора муҳокама қилиниб, ҳужжатлар синчиклаб кўриб чиқилаётгани адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан тақдимнома (илтимоснома)лар асосида ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган 201 нафар маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 186 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазо муддати енгилроғига алмаштирилди, 41 нафар судланувчи эса суд залидан озод этилди. Бир қатор фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 70 нафар фуқаронинг фойдасига алимент ундириш юзасидан суд қарори чиқарилди. Шунингдек, фуқароларнинг фойдасига жами 596 миллион 724 минг сўм қарздорлик ундирилди.
Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан мулоқотларда 151 та масала ўрганилиб, уларнинг 52 тасига жойида ечим топилди. Жумладан, 10 нафар мурожаатчининг шикоятлари асосида 236,6 миллион сўмлик ҳақдорлик, иш ҳақи, 57 миллион сўм алимент пули ундириб берилди. Мурожаатлар асосидаги ўрганишлар натижасида ички ишлар органларининг 13 та қарори бекор қилинди, 4 нафар тадбиркорнинг электр энергиясига уланиш билан боғлиқ масаласи ҳал этилди.
Умуман, Тошкент вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган қабулларда жами 232 та масала кўриб чиқилиб, 66 таси ижобий ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш, вақт талаб қиладиган қолган масалалар бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Бундан ташқари, жорий йилда Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига вилоят аҳолисидан келиб тушган 723 та жамоавий мурожаатдаги 911 та масала жойига чиқилиб, тегишли ташкилотлар ва “маҳалла еттилиги” билан бирга ўрганилмоқда.
Қабуллар барча вилоятларда давом этмоқда.