АсосийЖамият

Синдоров ва Ёқуббоев Жаҳон кубоги ярим финалига йўл олди

Гоада ўтаётган FIDE Жаҳон кубоги–2025 чорак финалида Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоев рақибларини мағлуб этди ва тарихда илк бор икки ўзбек шахматчиси бир вақтнинг ўзида ярим финалга чиқди.

'Синдоров ва Ёқуббоев Жаҳон кубоги ярим финалига йўл олди'ning rasmi

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳридаги чорак финал баҳсларида Нодирбек Ёқуббоев германиялик Александр Донченкони классик партияларда 1,5:0,5 ҳисобида енгиб, ярим финалга йўл олди. Жавоҳир Синдоров эса мексикалик Хосе Мартинесга қарши кечган баҳсларда классик ўйинларни дуранг билан якунлаб, рапид тай-брекда 3,5:2,5 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа ярим финалда Синдоров ва Ёқуббоев ўзаро куч синашади. Бу ўзбек шахмати тарихида илк бор қайд этилаётган ҳодиса — камида бир ўзбекистонлик шахматчи финалга чиқиши аниқ.

FIDE Жаҳон кубоги амалдаги жаҳон чемпионини аниқламайди, бироқ мусобақадаги дастлабки уч ўрин 2026 йилги даъвогарлар турнирига йўлланма беради. Демак, энг камида бир ўзбек шахматчиси тарихда биринчи марта ушбу нуфузли турнирда иштирок этади. Агар 3-ўрин учун баҳс ҳисобга олинса, ҳар икки шахматчи ҳам йўлланма олиши мумкин.

Ярим финал учрашувлари 21–22 ноябрь кунлари ўтказилади. Жуфтликлар: — Жавоҳир Синдоров (Ўзб.) – Нодирбек Ёқуббоев (Ўзб.) — Андрей Эсипенко (Рус.) – Вей Ли (Хитой).

    Бошқа янгиликлар