АсосийСиёсат

Янги пайдо бўлган чиқинди зоналари аэрокосмик технологиялар ёрдамида аниқланади

Президент фармони билан иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологиялар жорий этилади.

'Янги пайдо бўлган чиқинди зоналари аэрокосмик технологиялар ёрдамида аниқланади'ning rasmi

"2024−2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024−2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича самарадорликни ошириш учун қуйидагилар давлат космик мониторингининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бундай ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилиши ҳолатларини аниқлаш;
  • ўрмон билан қопланган майдонларнинг чегараларини белгилаш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш;
  • геология соҳасида ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш;
  • мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатларини, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш;
  • сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб боришини, сув сатҳи режимини мониторинг қилиш;
  • қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш, экинларнинг турлари ҳамда сув истеъмоли ҳажмларини аниқлаш.

2025 йил 1 мартдан ер қаъридан фойдаланиш бўйича масофавий мониторинг ва риск-таҳлил "Геомониторинг" ахборот тизими ҳамда SGM платформаси орқали амалга оширилади.

Космик мониторинг

Ҳудудларни космик мониторинги ердаги ўзгаришларни Ерни масофадан кузатиш турлари орқали доимий равишда Ерни масофадан зондлаш учун мўлжалланган ердаги ва ҳаводаги ускуналари орқали космосдан кузатиб бориш (change detection) имкониятини беради. 

Бундан ташқари объект ва ҳудудлардаги ўзгаришларнинг назорати ва Ерни масофадан зондлаш натижасида Ер юзасида содир бўлаётган ҳодисаларни ўз вақтида аниқлаб уларни таҳлил қилиш мумкин бўлади. Космик мониторинг эса космик аппаратлардан ер юзасининг ҳолати тўғрисида мунтазам маълумот олишдир.

Сунъий йўлдош тасвирлари ва космик мониторинг турли соҳаларда, жумладан, давлат, минтақавий ва шаҳар режалаштириш ва бошқаришда тобора кўпроқ фойдаланилмоқда. Космик мониторинг улкан ҳудудларда ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудлардан ер усти тадқиқотлари билан деярли эришиб бўлмайдиган маълумотларни олиш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар