Бугун, 29 октябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Санэпидқўмита ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова ЮКЭМ — юқумли касалликлар электрон мониторинги ишга туширилганини маълум қилди.
Айтилишича, анъанавий ахборот алмашиниш тизими орқали маълумотларнинг йиғилиши, қайта ишланиши ва жавоб чораларининг жойларга кўрсатма орқали етказилиши 12 соатдан 48 соатгача вақтни эгаллайди.
Юқумли касалликка чалинган бир нафар бемор бу вақт ичида камида 2-3 нафар соғлом одам билан мулоқот қилади, натижада ушбу соғлом шахсларни касалликнинг яширин даври муддати давомида тиббий назоратга олиш ва карантин чораларини белгилашга зарурат туғилади.
Юқумли касалликлар электрон мониторинги орқали ахборотнинг тезкор ва сифатли етказилиши таъминланади. Бу эса юқумли ва ўта хавфли юқумли касалликларни ўз вақтида бартараф этиш ва тарқалиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади, дейди Мафтуна Саидова.
Қўшимча қилинишича, Электрон вакцина логистикасини бошқариш тизими ишга туширилган. Бу вакциналарни вилоятларга юбориш, вилоятлардан туманларга, туманлардан эса даволаш-профилактика муассасаларига вакциналарни сифатли ва совуқлик занжирига риоя қилган ҳолда етказилишини кузатишга имкон беради.