Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги яқин 5-7 йил ичида ЯИМ қўшимча 17 фоизга ўсишига ёрдам бериши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Вашингтон шаҳрида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг йиллик йиғилиши доирасида Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти ва Халқаро валюта жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўли: ислоҳотлар ва глобал интеграция” мавзусида юқори даражали давра суҳбатида маълум қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасида амалга ошираётган муҳим ислоҳотлари, шунингдек кўп-томонлама савдо тизими ва глобал қўшилган қиймат занжирларига қўшилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ва стратегик ислоҳотларга ҳамда ЖСТга аъзолик ушбу туб ўзгаришларнинг ажралмас бир қисми эканлигига урғу бериб, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар ва уларга эришиш режалари билан таништирди.
Якунда давра суҳбати иштирокчилари ислоҳотлар ва интеграция йўлидаги салмоқли муваффақиятларни қайд этиб, 2026 йилда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнини якунлаш мақсадида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этишди.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш, айниқса, денгизга чиқа олмайдиган Ўзбекистон каби давлатлар учун ўта муҳимлигига алоҳида урғу берилди.
Қозоғистон собиқ вазири ва бош музокарачиси, ҳозирда Савдо ва интеграция вазирининг маслаҳатчиси Жанар Аитжанова Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг ижобий натижаларини тўғрисидаги тажрибаси билан бўлишди.
Хусусан, Ж.Аитжанова хизматлар соҳасида савдо тақчиллиги сезиларли даражада қисқаргани, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар 70 фоиздан кўпроққа ошгани, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солишнинг самарали тизими яратилгани халқаро бозорларда Қозоғистон миллий маҳсулотларининг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилганини таъкидлади. У ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик жараёнида амалга оширилган ислоҳотлар узоқ муддатли иқтисодий ўсиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун асос бўлганини таъкидлади.
Якунда давра суҳбати иштирокчилари ислоҳотлар ва интеграция йўлидаги салмоқли муваффақиятларни қайд этиб, 2026 йилда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнини якунлаш мақсадида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этишди.
Иқтисодиётни янада эркинлаштириш, шаффофликни ошириш ва барқарор иқтисодий ўсиш ва инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган давлат ислоҳотларини давом эттиришда барча ҳамкорлар Ўзбекистонни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлашди.