Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизматининг берган хабарига кўра, Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия фанлар академияси, Истанбул техника университети ҳамда Маданият университети ҳамкорлигида “ўз даврининг Батлимуси” деб танилган фақиҳ, математик ва астроном олим Али Қушчи вафотининг 550 йиллигига бағишланган симпозиум бўлиб ўтмоқда.
Унда Туркия Республикаси Саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фатиҳ Кажир ҳамда Истанбул вилояти ҳокими (волийси) Давут Гюл, Туркия Фанлар академияси президенти Музаффар Шекер, шунингдек, Али Қушчи фаолиятига оид илмий изланишлар олиб борган олимлар қатнашмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов ҳам ўз маърузаси билан иштирок этишмоқда.
— Ўзбек ва турк халқларининг тили, дини, анъана ва урф-одатлари, тарихи бир илдизга бориб тақалади. Маданий меросимизда ҳам муштарак жиҳатлар жуда кўп. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев ҳамда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Таййип Эрдоған ташаббуслари билан икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, маданий-маърифий алоқаларимиз ҳам жадал ривожланмоқда, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) директори Фирдавс Абдухолиқов. — Айтиш керакки, WОSCU томонидан ҳам бу буюк олимлар меросини ўрганиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Улуғбек астрономия мактабида қайта ишланган ва китобат қилинган, Ас-Суфийнинг “Қўзғалмас юлдузлар китоби”нинг Франция кутубхонасида сақланаётган қўлёзмаси факсимиле нусхаси чоп этилди. Яқинда жамиятимиз аъзоси туркиялик дўстимиз Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез Али Қушчининг ўғли қаламига мансуб, туркий тилдаги қўлёзма топилганини маълум қилди. Буюк аллома Али Қушчи ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган симпозиумнинг давомини 2025 йилда Ўзбекистонда аллома туғилиб ўсган Самарқандда ўтказишни таклиф этамиз. Шу билан бирга турк ва ўзбек олимлари форумини ҳам ташкил этиш ниятимиз бор. Бу форум турк дунёсининг маданий мероси, алломалари ҳаётини тадқиқ этиш билан шуғулланиши кўзда тутилмоқда.
"Халқаро Али Қушчи симпозиуми ва кўргазмаси" олимнинг ижоди ва фаолиятини чуқур ўрганиш ва жамоатчиликка танитиш мақсадида ташкил этилди. Рами кутубхонасида олимга бағишлаб очилган "Самарқанддан Истанбулга: Али Қушчи илмий мероси" кўргазмасида Али Қушчининг ўз қўли билан ёзилган асарлари, ХV-ХVI асрларга оид илмий китоблар ва артефактлар мавжуд. Ушбу кўргазма олимнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятини яратади.
Икки кун давом этадиган симпозиум 6 сессияда ташкил этилган бўлиб, Али Қушчининг илм-фан ва Ислом сивилизациясидаги илмий меросини халқаро миқёсда янада оммалаштиришга хизмат қилади.