АсосийМаданият

Тил сертификати йўқ ўқитувчилар вақтинчалик ишлаши мумкин

Мактаблардаги камида Б2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига жорий йилнинг якунига қадар ўз меҳнат фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди.

'Тил сертификати йўқ ўқитувчилар вақтинчалик ишлаши мумкин'ning rasmi

Мактаблардаги камида Б2 даражадаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчиларига жорий йилнинг якунига қадар ўз меҳнат фаолиятини давом эттиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жорий йилнинг 15 сентябрь куни қабул қилинган “Хорижий тил ўқитувчиларининг белгиланган талаб даражасидаги сертификатга эга бўлишларига доир зарурий чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғида белгиланган.

Маълум қилинишича, умумий ўрта таълим мактабларида фаолият олиб бораётган барча хорижий тил ўқитувчилари камида Б2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги талабини сақлаб қолган ҳолда, истисно тариқасида амалда фаолият олиб бораётган ва талаб даражасидаги сертификатга эга бўлмаган педагогларга 2025 йилнинг якунига қадар (жорий ўқув йилининг 1- ва 2-чораклари давомида) ўз меҳнат фаолиятларини давом эттиришга рухсат берилди.

Шу билан бирга, вазирнинг ушбу буйруғи билан талаб даражасидаги сертификатларга эга ўқитувчилар сертификатларининг амал қилиш муддати ўқув йили давомида тугайдиган бўлса, бу тоифадаги ўқитувчиларга ўқув йили сўнгига қадар ишлаш имконияти берилади.

Шунингдек, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларида юзага келиши мумкин бўлган вакант лавозимларга олий таълим муассасаларида хорижий тиллар ўқитувчиси мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган ҳамда талаб даражасидаги сертификатга эга 3-4-курс талабалари орасидан кадрлар захираси шакллантирилади. 

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 декабрига қадар ваколатли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган чет тили бўйича миллий ҳамда халқаро сертификат имтиҳонларига тайёргарлик жараёнида туман (шаҳар) Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари томонидан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда талаб даражасидаги сертификатга эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари учун қўшимча ўқув машғулотлари ташкил этилади.

    Бошқа янгиликлар