Мамлакатда аҳоли ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун ўндан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур. Бундай оворагарчиликка чек қўйиш учун битта – ижтимоий карта жорий этилади. Бу ҳақда Президент матбуот хазмати хабар қилди.
Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ижтимоий ҳимоя тизимида бажарилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказилмоқда. Манба хабарига кўра, мажлисда аҳоли учун ижтимоий карта жорий этиш масаласи кўтаирилган.
“Ҳозирги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқароларимиз туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур. Бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, Президент барча ҳужжатларни ўрнини босадиган битта – ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди”, – дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади.
Бу тизим 1 июлгача Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида синовдан ўтказилади, йил якунигача ҳамма жойда ишга туширилади.