Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини ошириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилишини маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, инвесторлар ҳуқуқларини кучли институтлар ва халқаро механизмлар орқали таъминлаш бугунги кунда устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда жорий йилнинг март ойидан мазкур марказни ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланган.
Қайд этилишича, марказнинг ҳуқуқий мақоми Конституциявий қонун билан мустаҳкамланади. Унинг иштирокчилари учун алоҳида солиқ режими жорий қилиниб, фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ҳамда божхона божлари нол фоиз этиб белгиланади.
Шунингдек, капиталнинг эркин ҳаракати ва исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имконияти кафолатланади. Марказ ҳудудида молиявий технологиялар, рақамли активлар ҳамда "яшил" молия йўналишларини ривожлантириш учун замонавий инфратузилма яратилади.
Президентнинг маълум қилишича, марказ ҳудудида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга мустақил молиявий регулятор ҳам фаолият юритади.
Бундан ташқари, Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқи тамойилларига асосланган махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Шунингдек, нуфузли хорижий судьялар ва халқаро экспертлар иштирокида мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил қилинади.
Айни пайтда инвестициявий медиация институтини ривожлантириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш ниятида.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мазкур чоралар натижасида инвесторлар Ўзбекистон ҳудудининг ўзида халқаро стандартларга мос ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Дастлабки босқичда марказ иштирокчилари учун жорий этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати 50 йил этиб белгиланади.
Президент маҳаллий ва хорижий инвесторларни мамлакатда яратилаётган янги имкониятлар ва шаклланаётган молиявий экотизимдан самарали фойдаланишга чақирди.






