Москвада Россиянинг Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал-лейтенант Игорь Кириллов портлаш оқибатида ҳалок бўлди. Генерал билан бирга унинг ёрдамчиси ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Марҳумларнинг шахси дастлаб расман тасдиқланмаган, фақат 2 кишининг ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган. Бироқ кейинчалик бу маълумот Россия Тергов қўмитаси томонидан расман тасдиқланди.
Россия телеграм-каналларида тарқатилган маълумотларга қараганда, генерал ва унинг ёрдамчиси тонгги соат 6 ларда, Москва шарқидаги Рязан проспектидаги кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида аввалдан ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида ҳалок бўлишган. Воқеа жойида тезкор хизматлар ишламоқда.
Маълумот учун – Россия Радиацион, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари - ядровий, кимёвий ва биологик зарарланиш вазиятларида фаолият юритади.
Абдуллоҳ Саййид