АҚШ ва Эрон ўртасида кескинлик кучайган бир пайтда, парда ортида олиб борилган дипломатик жараёнда Эрон олий раҳбарининг ўғли Мужтабо Хоманаий иштирок этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу омил сулҳ келишувига эришишда ҳал қилувчи бўлгани айтилмоқда.
Axios нашри маълумотларига кўра, Мужтаба Хоминаий хавфсизлик сабабли музокараларда бевосита эмас, балки ёзма равишда курерлар орқали қатнашган. Манбалар таъкидлашича, айнан унинг розилиги икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга йўл очган.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Эронга нисбатан кескин баёнотлар янграётган, ҳатто “бутун бир тамаддунни йўқ қилиш” таҳдиди ҳам билдирилган. Бироқ шу вақтнинг ўзида Вашингтон ва Теҳрон ўртасида фаол дипломатик алоқалар давом этган.
Музокараларда Стив Уиткофф, Аббос Ароқчи ва бошқа халқаро воситачилар иштирок этган. Покистон, Туркия ва Миср дипломатлари келишмовчиликларни юмшатишда муҳим рол ўйнаган.
Якунда, Жей Ди Вэнс ҳам жараёнга қўшилиб, музокараларни мувофиқлаштирган. Томонлар ўртасида “умумий англашув” шакллангач, Трамп келишувни маъқуллаган ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган.
Манбаларга кўра, Мужтаба Хоминаийнинг иштироки “катта натижа” сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, унинг отаси — Эрон олий раҳбари аҳволи ва қарор қабул қилишдаги иштироки ҳақида турли қарашлар мавжуд.
Ҳозирда томонлар расмий музокараларга тайёргарлик кўрмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, кенг қамровли учрашувлар 10 апрелдан бошланиши мумкин. Аммо АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда ва вазият яна кескинлашиши эҳтимоли истисно этилмаяпти.






