Мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг “Ҳаж” ва “Умра” амалларини хавфсиз ҳамда муносиб бажаришлари учун етарлича шарт-шароитлар яратилмоқда.
Лекин, айрим шахслар томонидан, республикамизда амалда бўлган тартиб-қоидаларни четлаб ўтган ҳолда, фуқароларни Саудия Арабистонига зиёратга юборишга уриниш ҳолатлари учраб турибди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида шу каби қонунбузилишларга чек қўйилди.
Жумладан, Наманган шаҳрида яшовчи, 1966 й.т. О.С. маҳаллий фуқаро ҳамда унинг онасини туризм йўналишида фаолият юритувчи МЧЖ орқали 2025 йилги “Ҳаж” мавсумида Саудия Арабистонига фарз амалларини бажариш учун юбориш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса, Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси таъсисчиси Ғ.А. тегишли лицензияга эга бўлмасада, Сирдарё туманида яшовчи фуқаро ва унинг 4 нафар қариндошини “Умра” зиёратига юбориш эвазига 6000 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 400 АҚШ доллари ва 1,3 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Бундай ноқонуний ҳолатлар Сурхондарё вилоятида ҳам қайд этилди. Хусусан, Сариосиё туманидаги сайёҳлик фирмаси ишчиси Д.Р. ҳеч қандай ваколати бўлмасада, маҳаллий фуқарони “Умра” амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига юбориш эвазига 1100 АҚШ доллари ва 200 минг сўм олган вақтида ушланди.
Денов шаҳридаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Ш.Қ. 1975 й.т. фуқарони “Умра” сафарига юборишни ваъда қилиб, эвазига 1000 АҚШ доллари ва 1 млн. 280 минг сўм олган вақтида ушланган бўлса, Денов туманида яшовчи, 1990 й.т. Х.Н. ўзганинг ишончига кириб, унга ўзи ишлаётган сайёҳлик йўналишидаги МЧЖ орқали “Умра”га боришлик учун имтиёзли йўлланмаси борлигини айтиб, уни Саудия Арабистонига зиёратга юбориш эвазига 1200 АҚШ доллари ва 650 минг сўм олган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.