Юқори марталабали шахсларни коррупцияга қарши тергов қилиш бошқармаси (CIO) 5-январдан 6-январга ўтар кечаси Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлни исёнкорлик бўйича ҳибсга олиш ордерини ижро этишни полицияга топширишга қарор қилди.
Жанубий Кореянинг Yonhap янгиликлар агентлиги шу ҳақда хабар берган.
Бироқ, Корея Республикаси полицияси президент Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордерини ижро этишни ўз зиммасига олишдан бош тортди.
“Юридик текширувдан сўнг, (биз) Коррупцияга қарши кураш бошқармасининг (қамоққа олиш ордери) қўлланилишини кўрсатувчи билдиришнома юридик нуқтаи-назардан зиддиятли мазмунга эга деган хулосага келдик. Ҳисбга олиш ордерини ижро этиш борасида Бошқарма билан консультацияларни давом эттиришга қарор қилдик», - деди полициянинг ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан боғлиқ воқеалар билан шуғулланувчи махсус тергов гуруҳи раҳбарининг ўринбосари.
Коррупцияга қарши тергов бошқармасининг Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ордерининг амал қилиш муддати 6 январда тугайди. Бошқарма уни узайтириш учун судга ариза бермоқчи.
Юн Сок Ёлнинг адвокатлари “ҳибсга олиш ордери - яна бир қонун бузилиши” эканлигини айтишган. Улар аввалроқ Коррупцияга қарши тергов бошқармасининг ушбу можароли ишни тергов қилиш ваколатига эга эмаслиги сабабли ордер ҳақиқий эмаслигини иддао қилишган эди.
Айни вазиятда Коррупцияга қарши кураш бошқармаси етакчи рол ўйнаяпти. Чунки Жанубий Корея қонунчилигига мувофиқ, агар Бошқарма раҳбари талаб қилса, бошқа тергов идоралари жиноят ишини бошқармага топширишга мажбур.
Бошқарма, шунингдек, исён ҳокимиятни суиистеъмол қилиш билан боғлиқлигини таъкидлаган.