АсосийЖамият

Ўзбекистонда 500 нафар раҳбарларнинг коррупцияга мойиллиги даражаси баҳоланади

БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси, халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган тавсияларни бажарилиши мониторинг қилинади.

'Ўзбекистонда 500 нафар раҳбарларнинг коррупцияга мойиллиги даражаси баҳоланади'ning rasmi

Давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга "ҳалоллик вакцинаси"ни сингдириш ҳамда бу борада превентив механизмларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.

Хусусан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Раҳбар кадрларни баҳолаш марказида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг буюртмаси асосида 2025 йил февраль ойидан бошлаб, йил давомида камида 500 нафар раҳбарлик лавозимларда ишлаётганлар ва ушбу лавозимлар учун захирада турганларнинг коррупцияга мойиллиги даражаси баҳоланади.

Давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни сингдириш бўйича қадриятлар тизимини шакллантириш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш асосида таъсирчан чора-тадбирларни жорий этишга оид таклифлар мунтазам (йилига камида бир марта) киритиб борилади.

Бундан ташқари БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси, халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга билдирилган тавсиялар ҳамда бошқа халқаро стандартларнинг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича электрон платформани ишга тушириш кўзда тутилган.

Электрон платформа доирасида:

  • БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси талаблари бажарилишини мониторинг қилиш имкониятини яратиш;
  • халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга берилган тавсиялар, ҳисоботлар ва бошқа маълумотларни жойлаштириш;
  • фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчилик томонидан тайёрланган Ўзбекистон бўйича мониторинг ҳисоботларини платформага жойлаштириш имкониятини яратиш;
  • платформани маълумотлар билан тўлдириш юзасидан идоралараро ишчи гуруҳини шакллантириш;
  • маълумотларни доимий янгилаб бориш механизмларини ишлаб чиқиш;
  • халқаро ташкилотларга платформа тақдимотини ўтказиш назарда тутилади.

    Бошқа янгиликлар