АсосийЖамият

Ўзбекистонда 2024 йилда газ 129, электр 67, иссиқ сув 32 фоизга қимматлади

Ўтган йилда газ ва ток нархи кескин ўсгани инфляцияни 3,6 фоизга ошириб юборган.

'Ўзбекистонда 2024 йилда газ 129, электр 67, иссиқ сув 32 фоизга қимматлади'ning rasmi

2024 йил якунлари бўйича мамлакатда йиллик расмий инфляция 9,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.

Декабрда ойлик инфляция даражаси 1 фоизни ташкил этган. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,8 фоиз, ноозиқ-овқатлар 0,4 фоиз, хизматлар 0,7 фоизга қимматлашган.

Декабрь ойида айрим маҳсулотлар нархи ноябрдагига нисбатан қуйидагича ошган:

  • пахта ёғи — 9,2 фоиз;
  • кунгабоқар ёғи — 6,1 фоиз;
  • тухум — 19,5 фоиз;
  • мол гўшти — 0,7 фоиз;
  • қўй гўшти — 0,6 фоиз;
  • товуқ гўшти — 1,1 фоиз;
  • бодринг — 52,7 фоиз;
  • булғор қалампири — 46,5 фоиз;
  • бақлажон — 27,7 фоиз;
  • помидор — 22,4 фоиз;
  • картошка — 6,3 фоиз;
  • пиёз — 5,7 фоиз;
  • сут — 1,6 фоиз.

Декабрда иссиқ сув нархи 1,4 фоиз, иситиш тизими 1,7 фоиз, электр, газ ва ёнилғининг бошқа турлари 0,1 фоиз кўтарилди. 

Ўзбекистонда йиллик ҳисобда энергетика тарифлари рекорд даражада ошириб юборилди. Жумладан, нархлар 2024 йил декабрь ойида 2023 йил декабрдагидан қуйидаги даражаларда қимматлаштирилди:

  • газ — 129 фоиз;
  • электр энергияси — 67 фоиз;
  • иссиқ сув таъминоти — 32,1 фоиз;
  • иситиш тизими — 36 фоиз.

2024 йилда газ ва ток нархи қимматлашиши йиллик инфляцияни 3,6 фоизга ошириб юборган.

2025 йил 1 апрелдан электр энергияси нархи 24 фоиз, газ 36 фоиз, пропан 25 фоиз, метан 39 фоизга оширилиши белгиланган. Жумладан, электр ва газ нархлари ўсишининг ўзи инфляция даражасини 1,8 фоизгача кўтариб юбориши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар